«Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар. Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар. Улар закотни адо этувчидирлар. Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар. Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар. Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)дирлар. Айнан ўшалар меросхўрдирлар – Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, улар у ерда (жаннатда) мангу қолувчидирлар» (Муъминун, 1–11).

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) айтади: «…Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга ўнта оят нозил бўлди. Ким унга амал қилса, жаннатга киради, деб, Муъминун сурасининг “Мўминлар нажот топдилар” оятидан ўнинчи оятининг охиригача ўқидилар» (Имом Аҳмад).
“Мўминлар нажот топдилар”. Аллоҳ таоло мўминларнинг нажот топишини мазкур оятдан кейинги оятларда зикр қилинган сифатларга боғлаб қўйди. Ким бу сифатларни ўзида жамласа, шубҳасиз нажот топади, деб ҳукм қилди.
Нажот топган мўминлар: “Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар”.
Муфассирлар бу оятни турлича тафсир қилишган. Баъзи муфассирлар “ўзини камтар тутишдан” мурод ташқи аъзоларини ҳаракатлантирмаслик, бурмаслик ва сукунат билан туриш, дейишган. Баъзилари, қалбда хавф ва қўрқинч бўлиши, деганлар. Баъзи муфассирлар ушбу икки фикрни жамлаб, қалбда хавотир ва қўрқинч билан бирга, ташқи аъзоларнинг сокин бўлиши, дейишган.
Қалбда хавф ва қўрқинч бўлса, ташқи аъзо­ларнинг барчаси унга тобе бўлади. Чунки қалб аъзоларнинг подшоҳидир. Ким намозни хавф ва қўрқинч билан ўқимаса, намози уни ёмон ва мункар ишлардан қайтармайди.
Саҳл ибн Абдуллоҳ: «Қуръони каримдаги “Парвардигоридан қўрқадиган зотларнинг терилари (баданлари) титраб кетар…” оятини ҳужжат қилиб, инсон жисмидаги ҳар бир тола туки Аллоҳдан қўрқмагунча хушу қилувчи бўлмайди», деган.
Намозда камтарлик қиладиган банда Аллоҳ таолога итоат қилиб, ўзини паст олиб, қалбидан барча ўй-фикрларни чиқариб, таъзим билан туради. Ташқи аъзолари хотиржам, сокин ва сажда қилинадиган жойга қараб туриши керак. Хушу қилиш учун банда нафс истакларидан қалбини фориғ этиб, уни фақат намоз билан банд қилиши лозим. Шунда инсон қалбида роҳат, кўзида қувонч билан ибодат лаззати ва ҳаловатини топади.
“Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар”.
Ҳаром, макруҳ ва инсоннинг ҳожати бўлмаган мубоҳ нарсалар беҳуда амалдир. Ёлғон, уят, лағв, бўҳтон кабилар беҳуда сўз, беҳуда ишдир, деган муфассир алломалар. Умуман олганда, муқаддас динимизда ман қилинган барча гап-сўз, иш ва амалларнинг барчаси беҳудадир.
«Улар закотни адо этувчидирлар». Яъни, моллари нисобга етса, унинг закотини ҳақдорларга беришади.
«Улар авратларини (ҳаромдан) сақлов­чидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мус­таснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар».
Улар Аллоҳ таоло ҳалол қилган жуфтларидан бошқаларга яқинлашишмайди, илтифот қилишмайди, барча ҳолларда авратларини ёпишади. Ким никоҳидаги аёллардан бошқа бир аёлни истаса, жазога лойиқ бўлади.
«Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғ­лаган) аҳд-паймонларига риоя этув­чидирлар».
Пайғамбаримиз Муҳаммад (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Хиёнат­нинг каттаси, намозни мукаммал қил­масликдир”, дедилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар динда йўқотадиган нарсаларнинг биринчиси омонатдир. Йўқотадиган нарсаларингизнинг охиргиси намоздир”, дедилар (Имом Байҳақий).
Келишувлар, ваъдалар ва назрлар аҳддир. Аҳдга вафо қилиш нажот топишнинг муҳим омилидир.
«Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)дирлар». Аллоҳ таоло нажот топган мўминнинг сифатларини намоз билан бошлаб, намоз билан тугатди. Бу эса намознинг бошқа амаллардан афзал эканига далолат қилади.
Намозни асраш уни комил таҳорат билан вақтида адо этишдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал қайси экани ҳақида сўралганида, у зот: “Ўз вақтида ўқилган намоз…” деб жавоб берганлар (Имом Бухорий).
Мазкур сифатларга эга мўминлар: «Айнан ўшалар меросхўрдирлар – Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, улар у ерда (жаннатда) мангу қолувчидирлар».
Пайғамбаримиз Муҳаммад (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таолодан сўрасангизлар, Фирдавсни сўранглар! Чунки Фирдавс жаннатнинг олийси ва ўртасидир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий).

Қуртубий, Розий ва Ибн Касир тафсирлари асосида
Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли тайёрлади.