«Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи Зотдир» (Нисо, 86).

Бу ояти каримада ўзаро мауомалани аввало, салом билан бошлашга тарғиб бор. Турли миллат-элат ва динлар вакиллари ҳар хил иборалар билан саломлашишади. Албатта, у ибораларнинг барчаси замирида яхшилик, соғлик-саломатлик тилаги мавжуд. Мусулмонлар бир-бирлари билан учрашганда, бир-бирларига мактуб ёзганларида сўзни ва хатни салом билан, яъни “Ассалому алайкум” билан бошлайдилар. Бу мусулмонларнинг энг гўзал хулқларидан ҳисобланиши билан бирга, бир-бирларининг ҳақларига қилган дуолари ҳамдир. Афсуски, бугунги кунда айримлар, айниқса, ёшлар салом беришга эътиборсиз қарашади.
«Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. ...».
Салом сўзи арабча бўлиб, бир неча маънолари бор: “тинчлик, эсон-омонлик”. Салом сўзи олдидаги “Ас...” қўшимчасини қўшмасдан “салом алайкум” (сизга тинчлик бўлсин) дейишдан кўра, “Ассалому алайкум” (сизга Аллоҳнинг тинчлиги бўлсин) деб, тўлиқ ва бехато айтиш афзалдир.
Яна бу борада: «Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни, «Ассалому алайкум» денг!)» (Нур, 61) ояти каримаси ҳам далилдир. Бу оят билан Аллоҳ таоло “Ассалому алайкум”ни мусулмонларнинг шиори қилди.
“Ассалом” сўзи Аллоҳ таолонинг муборак исмларидан бири бўлиб, бир неча маънони билдиради: Аллоҳ таоло турли мушкулот ва балолардан пок ва омондир. У барча айблардан ва жабр-зулмдан пок ва адолатлидир.
Агар инсонлар ўзаро мулоқотга киришишни шу муборак сўзни айтишдан бошлашса, бу билан улар бир-бирларини барча ёмонликлардан паноҳида сақлашлигини, турли хил балою офатлардан ва касаллик­лардан омонда бўлишини Аллоҳ таолодан тилаган бўлишади.
Салом бериш ва алик олишнинг савоби ва ҳикмати борасида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Жоним измида бўлган Зот номи билан қасам, мўмин бўлмагунларингча жаннатга киролмайсизлар, бир-бирларингга муҳаббатли бўлмагунларингча мўмин бўлолмайсизлар. Ўзаро муҳаббатли бўлишларингиз учун сизларни бир ишга далолат қилайми? Ораларингда саломни ёйинглар”, дедилар (Имом Термизий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Исломда қайси амал яхши?” деб сўради. “Камбағалларга овқат улашишинг, таниган ва танимаганга салом беришинг”, деб айтдилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим).
Таниган ва танимаганга салом бериш, саломни ёйиш, мусулмоннинг энг гўзал хулқларидан биридир.
Агар киши салом иборасига “ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ” калималарини қўшиб айтса, янада кўпроқ савобга эга бўлади.
Ривоят қилишларича: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бир киши: “Ассалому алайкум”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) алик олдилар ва: “Ўн”, дедилар. Яна бошқа киши: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) алик олдилар ва: “Йигирма”, дедилар. Бошқа бир киши: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) алик олиб: “Ўттиз”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд).
Ҳадис шориҳлари: Пайғамбаримиз бу билан салом берганларнинг ўшанча миқдорда савоб олишганига ишора қилганларини айтишган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Улов устидаги пиёдага, юриб кетаётган бир жойда тик турганга, турган ўтирганга, озчилик кўпчиликка, кичик каттага салом беради”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Салом иборасини тўлиқ “Ассалому алайкум” деб, тўлиқ ва бехато айтиш лозим. Чунки ҳозирги кунда айрим инсонлар “салом” ёки “ассом алейкум” ва яна бошқа шу каби ибораларни ишлатишади. Бу эса жуда катта хатодир! Зеро, “ассом” ўлим дегани бўлиб, бу шаклда салом бериш билан “Сизга ўлим тилайман”, дейилган бўлади. Айниқса, ёши катта инсонлар саломни тўғри ва бехато айтишда кичикларга намуна кўрсатсалар мақсадга мувофиқ бўлади.
Юқоридаги оят салом беришнинг суннат, унга жавоб қайтаришнинг эса вожиблигига далилдир, чунки Аллоҳ таоло саломга жавоб қайтаришни буюрди.
«... Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи Зотдир»
Бу тилакни, яъни “Ассалому алайкум”ни ҳар доим бир-биримизга айтишликни, унинг ҳикмати ва баракотидан насибадор бўлишни Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз, омин!

Абу Мансур Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий ва Насафий тафсирлари асосида
 Бадриддин САДРИДДИН ўғли
тайёрлади.