"(Эй Муҳаммад!) Ахир, Сизга Раббингиз томонидан нозил қилинган нарса аниқ ҳақиқат эканини биладиган киши (маънан) кўр кимсага ўхшайдими? (Бу оятлардан) албатта, ақл эгаларигина эслатма олурлар. Улар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва “Ал-Мийсоқ”ни (ваъдани) бузмайдиганлардир. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндош­лар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар. Парвардигорларининг “юзини” истаб, (турли машаққатларга) сабр қилиб, намозларини баркамол адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати (жаннат) бордир" (Раъд, 19–22).

Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), Раббингиз сизга нозил этган Каломнинг ҳақлигини, яъни унда шак-шубҳа, ноаниқлик, зид­дият  йўқлигини биладиган билан қалби кўр, билмайдиган, ё ҳақни билса-да, унга бўйсунмайдиган тенг бўладими? Қуръони каримда келган барча хабарлар ҳақдир. Ундаги амр ва қайтариқлар адолатлидир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Раббингиз сўзи ростлик ва адолат жиҳатидан камолга етди. Унинг сўзларини ўзгартирувчи (куч) йўқ. У эшитувчи ва билувчидир” (Анъом, 115). Сиз етказган нарсаларни қалбан тасдиқ этган киши билан уни тасдиқ этмаган ва унга эргашмаган ҳидоятсиз кимса баробар бўла олурми? “Дўзах аҳли билан жаннат аҳли баробар бўлмас. Жаннат аҳли (қиёматда) ютуққа эришувчи зотлардир” (Ҳашр, 20).

Қуръони каримдан қалби салим, ақл соҳиблари насиҳат олур. Улар мўминлардир. Қалби пок киши ҳаётга ақл кўзи билан қарайди ва Аллоҳ таолонинг борлиги ва танҳо илоҳлигига имон келтиради.

Оятда ақл соҳибларининг бир қанча сифатлари баён этилди:

"Улар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва “Ал-Мийсоқ”ни (ваъдани) бузмайдиганлардир".

Ўзлари билан Аллоҳ таоло ўртасидаги ҳамда бир-бирлари орасидаги аҳдга вафо қиладилар. Гуноҳларидан тавба қилиш иккинчи бор ўша гуноҳни такрорламасликка аҳд қилиш бўлади. “Мийсоқ” Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги аҳддир  (Имом Насафий).

“Ал-Мийсоқ”дан мурод гувоҳликдир. Аллоҳ таоло бу дунёда туғилажак барча инсонларнинг руҳига: “Мен Раббингиз эмасманми?” (деди). (Улар): “Йўқ! (Раббимизсан!) Гувоҳлик бердик”, дейишди (172-оят).

"Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар".

Мўминлар силаи раҳмни узмайдилар. Ҳадисда: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди...” дейилган (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Силаи раҳм яқин қариндошлар билан доимий борди-келдини узмай туришгина эмас, балки узоқлашиб кетган қариндошлар ҳолидан хабар олиш ҳамдир.

Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ): “Барча Пайғамбарларга имон келтириш ҳам силаи раҳмдир”, дейди. Имони мустаҳкам мўмин бандалар билан доимий алоқа боғлаб туриш, ўз имконияти даражасида бир-бирларига эҳсон қилиш, раҳм-шафқат кўрсатиш, салом бериш, касал бўлса ҳол сўраш, қўшничилик ҳақларига риоя этиш,  сафарда яхши ҳамроҳлик қилиш ҳам Аллоҳ таоло амр этган амаллар жумласидандир.

"Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар".

Мўмин банда Раббисидан қўрқиб, охиратда гуноҳкор бандаларга берилажак жазолар борлигини ҳар дақиқа эслаб, қалби ти­т­­­раб туради. У Аллоҳ таоло наҳй этган, ҳаром қилинган нарсалардан, маъсиятлардан тийилгани ҳолида Раббисининг раҳматидан умидвор бўлади.   

"Парвардигорларининг  “юзини” истаб, (турли машақ­қатларга) сабр қилиб, намозларини баркамол адо этган, ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати – жаннат бордир. (Закот каби бандаларнинг зиммасига фарз ё вожиб бўлган молиявий ибодатлар ошкора, ихтиёрий нафл садақа, эҳсонлар хуфёна садақаларга киради.)

Аллоҳ таоло барчамизни ана шундай сифатларга эга бўлган мўминлар жумласидан қилсин!

Манбалар асосида
Абдувоҳид Ўрозов тайёрлади.