(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз” (Исро, 29).
 
Бу оят тафсирида Абу Лайс Самарқандий ҳазратлари қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Бир аёл Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг  ҳузурларига ўғлини юбораётиб унга бундай деди: “Сен Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг олдига бориб, онам бир кийим сўраяптилар, дегин. Агар у зот: “Бирор нарса келсин, берамиз”, десалар, унда: “Кўйлагингизни бўлса ҳам бераркансиз деб айтгин”, деди. Бола Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига келиб: “Онам бирор кийим беришингизни айт­дилар”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Бирор нарса келсин, берамиз”, дедилар. Шунда бола: “Онам кўйлагингизни бўлса ҳам беришингизни айт­ган эдилар”, деди. Шунда у зот устиларидаги кўйлакларини ечиб бердилар. Ўзларининг эса намозга кийиб чиқишга ҳам кийимлари қолмади. Шу воқеадан сўнг Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. 
 
Агар бахилликнинг ёмон эканини билишни истасанг, ушбу оятнинг маъносига диққат қил! Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларида ҳеч нима бўлмаганидан кийиб юрган кўйлакларини ҳам бериб юборганларида Аллоҳ таоло у зотга танбеҳ бериб, олдин бахилликдан сақланишни буюриб, кейин ўзи муҳтож бўлиб қоладиган даражада сахийлик қилишдан қайтарди.
 
Муҳаммад ибн Ҳанафий айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирон марта ҳам йўқ демаганлар. У зотдан сўралса, “ҳа” дердилар. Агар беришни хоҳламаса, жим турардилар”. 
 
Аҳли аёлга нафақа қилишда бахиллик қилиб, қўли бўйнига боғланган каби қўлингни қаттиқ мушт қилма, ҳаммасини бериб, исроф қилма. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бу оятни бундай тафсир қилганлар: “Эй банда, исроф қилиб қўлингда борини бериб юборма. Бошқа муҳтож келганида беришга ҳеч нарса тополмай қоласан. Имом Қатода айтади: “Аллоҳнинг ҳақидан (закот, фитр, садақадан) сиқма. Топганингни маъсият ва гуноҳ ишларга сарфлама”.
 
Баъзи ҳукамолар айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз уммати учун ота кабидир. Ота бир фарзандига ҳамма молини бериб, бошқаларини ҳеч вақосиз қолдириши мумкин эмас. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳамма молини битта мискинга бериб юбормай, бошқа мискинларга ҳам тенг тақсимлашни буюрди. 
 
Демак, банда ҳар доим барча ишларда сахийликда ҳам мўътадил йўлни тутмоғи лозим.
 
“Тафсири Самарқандий” 
китоби асосида 
Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.