Аллоҳ дон ва уруғларни ёрувчи (ва ундирувчи)дир. Ўликдан тирикни чиқаради ва (У) тирикдан ўликни чиқарувчидир. Ана ўша Аллоҳдир. Бас, қаёққа оғиб кетаяпсиз? (Анъом, 95)

“Ал-баҳрул муҳийт” китоби муаллифи Ибн Ҳайён (раҳматуллоҳи алайҳ) мазкур оят тафсирида Мотуридий (раҳматуллоҳи алайҳ)дан нақл қилиб қуйидагиларни келтиради: “Аллоҳ таоло “дон” ва “уруғ” сўзларини алоҳида зикр қилишининг сабаби шундаки, дунёдаги барча ўсимликлар ана шу иккисидан ҳосил бўлади. Барча ўсимлик ва дарахтларнинг асли бўлган дон ва уруғларни ўстирувчи, уларга ҳаёт берувчи Зот Аллоҳ таолодир. “Ал-баҳрул муҳийт”нинг соҳиби Мотуридий (раҳматуллоҳи алайҳ)дан келтирилган нақлдан сўнг ўз сўзларини давом эттириб: “Мазкур оятдан олдинги оятда қайта тирилиш ҳақида зикр қилингани боис, данак ва донлардан нозик ва юмшоқ найча чиқариб ўстиришга, инсонларни ўлганларидан сўнг қайта тирилишга Аллоҳ таологина қодир эканига ёрқин бир мисолдир”, дейди.
 
“У ўликдан тирикни чиқаради”. Яъни, Парвардигори олам дон ва данак каби ўлик, жонсиз нарсалардан тирик ўсимликларни ўстириб чиқарувчи Зотдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолонинг мазкур сифатини васила қилиб: “…Эй! Дон ва данакларни ёрувчи Зот!  Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Ҳар бир нарсанинг ёмонлигидан сендан паноҳ сўрайман…”, деб дуо қилардилар (Имом Муслим ривояти).
 
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Ўлик ер улар учун (қайта тирилишга) бир аломатдир, Биз уни (сув билан) тирилтирдик ва ундан (турли) донларни ундириб чиқардик…” (Ёсин, 33).
 
“... ва У тирикдан ўликни чиқарувчидир”. Бу оятнинг тафсирида уламолар турли фикр­ларни билдирган бўлсалар-да, уларнинг ҳаммаси деярли бир маънони ифода этади.
 
“Ана ўша Аллоҳдир. Бас, қаёққа оғиб кетаяпсиз?”. Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) бу оятнинг тафсирида: “Яъни ўстирувчи ҳам, тирилтирувчи ҳам, ўлдирувчи ҳам Аллоҳдир. Бас, шундай экан, сизлар қандай қилиб ҳақдан юз ўгириб, ботил томон кетасизлар ва Аллоҳдан бошқасига қуллик (бандалик) қиласизлар?”, деб тафсир қилган.
 
Аллоҳ таоло ер юзида турли-туман набототлар, ранг-баранг ўсимликлар ўстириб, улар орқали инсонлар ва барча тирик жонзотларга ризқ ато қилади. Биз бандалардан талаб этилган нарса эса, Аллоҳ таолонинг неъматларидан унумли фойдаланиб, уларни асраб-авайлашимиз, шукр қилишимиз лозим. Зеро, бир неъматга шукр қилиш унинг зиёда бўлиши учун гаровдир.
 
“Тафсири Ибн Касир” ва “Тафсири Қуртубий” асарлари асосида
Саидаҳмадхон САЙДАЛИЕВ тайёрлади.