“Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз!  Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчи Зотдир” (Нур, 32)

“Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз!”. Имом Насафий (раҳимаҳуллоҳ): «Оятда туллар деб ўгирилган “аёма” сўзи жуфти бўлмаган эркак ёки аёлни билдиради. Бу сўзнинг маъноси умумий бўлиб, ундан уйланиб ё турмушга чиқиб ажрашган эр ё жувон ёки бўйдоқ ва бокира қиз тушунилади», деган. Абу Лайс Самарқандий (раҳимаҳуллоҳ) бундай дейди: «“Тул” сўзи жуфти йўқ эркак ва аёлга нисбатан ишлатилади. Лекин “тул” калимаси аёлларга хосдир. Эри ўлган хотингагина “тул” дейилади». 
 
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Турмуш қуринглар ва фарзанд кўриб насл қолдиринглар. Зеро, мен қиёмат куни сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман”, деганлар (Имом Абу Довуд ва Насоий ривояти).
 
Олимлар ушбу ҳадисни далил қилиб, имкони бор одамнинг уйланиши вожибдир, де­йишган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй ёшлар жамоа­си! Сизлардан қай бирингиз уйланишга қодир бўлсангиз, уйланингиз. Зеро, у кўзни тияди, фаржни (зинодан) сақлайди. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин. Чунки рўза шаҳватни камайтиради”, деганлар (Имом Термизий ривояти).  
 
Аллома Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий мазкур оятнинг тафсирида бундай деган: «Оятда қарамоғида бўйдоқ йигит ёки бўйига етган қизлари бор кишиларга: “Уларни никоҳлаб, сарф-харажатларига ёрдам беринглар, шунда ўғил-қизларингизнинг иффатларини сақлаб қолурсизлар!” деб буйруқ берилмоқда». Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: (Шуайб) айтди: “Менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Энди, агар ўн йилни битирсанг (ўн йил ишлаб берсанг) ўзингдан (марҳамат)дир. Мен сени қийнашни истамайман. Иншоаллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни билурсан” (Қасас, 27). Мусо (алайҳиссалом) Шуайб (алайҳиссалом)нинг қўлида ёлланган хизматчи эдилар. Шунинг учун Мусо (алайҳиссалом)ни Шуайб (алайҳиссалом) ўз қизларига уйланишни таклиф қилганлар.
 
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳузурингизга дини ва хулқини хуш кўрган бирор йигитга қизингизни турмушга беринг! Агар шундай қилмасангиз, Ер юзида фитна ва катта фасод-бузғунчилик бўлур”, деганлар (Имом Термизий ривояти).  
 
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ)дан бир киши қизини қандай йигитга турмушга бериш ҳақида маслаҳат сўради. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Диндор йигитга турмушга бер! Чунки у қизингни ёқтирса, иззат қилади. Ёқтирмаса, унга зулм қилмайди”, деб жавоб берган.
 
«Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчи Зотдир». Яъни: “Агар сизлар уйлантирадиган эркак, турмушга берадиган аёл камбағал бўлсалар, Аллоҳ таоло уларни Ўз фазли билан бой ва беҳожат қилади. Шунинг учун фақирлик­лари уларни турмуш қуришдан тўсиб қўймаслиги керак”. Бу ҳақда Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) бундай деган: «Бойликни никоҳдан қидиринглар! Зеро, Аллоҳ таоло: “Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазли билан бойитур”, деган!»  Бу оятнинг маъноси эса “Кифоя қилгулик мол-давлат ёки борига қаноат қилиш ёхуд бу иккисини бериш билан бой қилади”, деганидир. Биз тақво қилсак, поклик ва иффат бош мақсадимиз бўлса, Аллоҳ таоло бизни Ўз фазлу марҳамати билан бошқаларга муҳтож қилмайди. Эркак ва аёлнинг никоҳ ила бирлашишлари икки томоннинг ҳам ризқ эшикларини очадиган калитдир. Зеро, “...Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчи Зотдир!” Аллоҳнинг неъматлари бардавом, хазинаси битмас-туганмасдир. Ҳақ таоло чексиз неъмат соҳибидир. 
 
Никоҳдан олдин фақир бўлиб, сўнг бой-бадавлат бўлиб кетган қанча-қанча одамлар бор! Улар никоҳ билан авратларини ҳаромдан сақлаш ҳамда шариатда буюрилган ишларни амалга оширишни мақсад қилишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч тоифа кишиларга ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидадир”, деб, биринчи, “Ўз иффат-покдомонлигини сақлаш истагида уйланиб-турмуш қилувчи...”, деб зикр этганлар (Имом Аҳмад ривояти).
 
Манбалар асосида Фарғона вилояти “Пошшопирим”  жоме масжиди имом ноиби Баҳодир АЪЗАМОВ тайёрлади.