وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ {1} الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ {2}وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ {3} أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُممَّبْعُوثُونَ {4} لِيَوْمٍ عَظِيمٍ {5} يَوْمَ يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ {6}

 

«(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми,Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!»(Мутаффифун, 1–6).

Мадиналиклар орасида ўлчов ва тарозидан уриб қолиш одати бор эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида:«(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой!»(Мутаффифун, 1)ояти нозил бўлди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга оятни ўқиб бердилар ва айтдилар: “Беш нарсага беш нарса сабаб бўлади: қайси қавм аҳдини бузса, Аллоҳ таоло уларга душманини ҳукмрон қилиб қўяди; қайси бир қавм Аллоҳ таоло бўйинсунмаса, уларда фақирлик кўпаяди; қайси қавмда фоҳишалик пайдо бўлса, уларда ўлим кўпаяди; қайси қавм ўлчов ва тарозидан урадиган бўлса, уларда қурғоқчилик бўлади; қайси қавм закотни бермаса, уларга ёмғир ёғмай қолади”.

«(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! ...»

Муфассирлар айтадилар: Вой, яъни вайл, охиратда бўладиган қаттиқ азобдир.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Вайл дўзахдаги бир водийдир, унда йиринг оқади, унинг аҳли ўлчов ва тарозидан уриб қолувчилардир...”

«Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир».

Ибн Касир тафсирида бундай дейилган:“Инсонлардан молни ўлчаб олганда кўпайтириб оладиган, бошқаларга ўлчаб берганда уриб қолувчи кишилар “мутаффиф”, яъни ўлчов ва тарозидан уриб қолувчидир”.

Сотувчининг ўлчов ва тарозидан уриб қолишига индамай рози бўлиб кетиш керак эмас. Балки жамиятда бундай иллатга қарши курашиш ва унинг олдини олиш лозим.

Уламолар: “Тарозидин кўп ва оз уриб қолишнинг азоби охиратда бир хил бўлади”, дейишган. Ҳатто баъзи олимлар, тарозидан уриб қолишни ният қилишнинг ўзи ҳам катта гуноҳлардан, деб ҳисоблаганлар.

Имом Мотуридий оят тафсирида айтади: “Киши ўлчанадиган молни сотиб олаётганда сотувчининг тарозидан уриб қолаётганини билиб индамаса, унга рози бўлса ё уни кечириб юборса, сотувчининг гуноҳига шерик бўлади. Чунки тарозидан, ўлчовдан уриб қолиш олувчи ё сотувчидан бирининг зарар кўраётгани учун ҳаром эмас, балки Аллоҳ таоло тарози ва ўлчовдан уриб қолишни ман қилгани учун, ҳаромдир”.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бир куни заъфарон ўлчаб сотаётган кишининг ёнидан ўтиб кетаётганида, сотувчи молни харидорга оғирроқ қилиб берди. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) унга деди: “Олдин тарозида тенг қилиб ўлчаб бер, ана ундан сўнг хоҳлаганингча қўшиб бер”. Демак, сотувчи олдин тарозини тўғри тортиб, зиммасидаги вожибни адо этиши зарур. Сўнг агар истаса, молидан бир миқдорини харидорнинг халтасига солиб, эҳсон қилиши мумкин.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) сотувчи олдидан ўтганларида бундай дер эканлар: “Аллоҳдан қўрқ, тўғри ўлча, чунки тарозидан уриб қолувчилар қиёмат куни тўхтатилади, уларнинг баданларини тер қоплайди”.

Баъзи олимлар айтишларича, нафақат ўлчов ва тарозидан уриб қолувчилар, балки молнинг айбини айтмай, харидорни алдаб сотувчилар ҳам “мутаффиф” ҳисобланади.

Баъзи олимлар бундай деганлар: “Уриб қолиш ўлчов, вазнда бўлгани каби, намоз ва таҳоратда, сўзда ҳам бўлади.Яъни, киши таҳорат ва намоз ёки бошқа ибодатларнинг рукнларини тўла, нуқсонсиз, мукаммал бажариши лозим, акс ҳолда мутаффир бўлади.

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Намоз ҳам тарозидир (яъни тарозу каби меъёрдадир). Ким уни мукаммал адо этса, Аллоҳ унингажрини тўла беради, ким уни нуқсонли қилса, сизлар Аллоҳ таолонинг тарозидан уриб қолувчилар ҳақидаги сўзини эшитгансиз (яъни, тарозидан уриб қолувчиларнинг оқибати қандай бўлишини биласиз)”.

«Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми,Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!» Яъни, ўлчовдан уриб қолувчилар қиёмат куни қайта тирилиб, барча қилган ишлари ҳақида жавоб беришларини ўйламайдиларми?

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг“Вайлунлил мутоффифин” сурасини ўқиб «“Улуғ кунда (қиёматда)одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда мазмунли оятига етганда ўқишдан тўхтаб йиғладилар ва ҳушдан кетганлари»ривоят қилинган.

Кундалик турмушда бўладиган савдо-сотиқда ўта эҳтиёт бўлайлик, бир-биримизни ҳақимизга хиёнат қилмайлик!

Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий,

Замахшарий, Ибн Касир ва

Қуртубий тафсирлари асосида

Бадриддин САДРИДДИН ўғли

тайёрлади.