«Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилинглар, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилманглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир» (Моида ,2 ).

Имом Маҳмуд Замахшарий “Кашшоф” тафсирида ушбу оят маъносини бундай: “Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинглар”, яъни, кечиримли, ўтимли бўлишда бирлашинглар. “Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманглар”, яъни, ўч олиш, қасд олиш йўлида ҳамфикр бўлманглар.

Айрим саҳобалар мусумонларни Маккага кириб, умра қилишдан қайтарган мушриклардан ўч олиб, уларни ҳам Ҳарамга киришдан қайтармоқчи бўлишади. Аллоҳ таоло ушбу оят орқали уларни кечиримли бўлишга, яхшилик йўлида ўзаро ёрдамлашишга, душманлик, гуноҳ ишларда бирлашмасликка буюрган.

Имом Замахшарий оят тафсирида яна бундай дейди: “Оятда умуман эзгулик ва тақвонинг ҳар қандай кўринишини, гуноҳ ва душманликнинг барча турлари назарда тутилган, дейиш ҳам мумкин. Бу ҳолда ҳам ўзаро кечиримли бўлиш ва (яхшиликларда) ёрдамлашиш маъноси англашилади”.

Имом Абул Баракот Насафий оятни қуйидагича тафсир қилган: “Эзгулик – буюрилган ишларни қилиш, тақво – қайтарилган ишларни тарк этиш, гуноҳ – буюрилган амалларни қилмаслик, душманлик – қайтарилган ишларга қўл уришдир”.

Ушбу тафсирга кўра, оятнинг мазмуни қуйидагича бўлади: Аллоҳ буюрган ишларни қилишда, қайтарган нарсаларидан сақланишда бир-бирингизга ёрдам беринг, ўзаро ҳамкорлик қилинг. Аллоҳ буюрган ишларни қилмасликда ёки қайтарган амалларга қўл уришда асло бир-бирингизга ёрдамлаша кўрманг, ҳамкор бўлманг.

Муқаддас динимиз таълимотларига кўра, эзгулик Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда буюрилган ва тарғиб қилинган амаллардир. Ватанга хизмат, ота-онани ҳурмат қилиш, катталарга иззат-икром кўрсатиш, кишиларга яхшилик улашиш, омонатга хиёнат қилмаслик, рост гапириш, оилага садоқат – барча-барчаси эзгуликдир.

Аллоҳ таоло оятда эзгулик йўлида ёрдамлашишга буюриб, барча яхшиликларнинг боши ва таянчи бўлган хислат – тақво йўлида ҳамкорлик қилишни алоҳида таъкидламоқда. Тақво эҳтиёт бўлиш, қўрқиш, гуноҳ ишлардан сақланиш маъноларини англатади. Тақво инсоннинг ички оламида, қалбида ўрнашган ноёб хислат, инсонни доимо яхшилик қилишга, эзгулик йўлидан боришга чорлаб туради ва барча ёмонликлардан қайтаради. Тақвони уламолар турлича таърифлашган. Ҳазрат Умар : “Тақво бу – тиканли йўлда оёғингга бирор тикан киргизмай ўтиб боришингдир”, деб тушунтирганлар. Бир сўз билан айтилса, тақво Аллоҳ кўриб турганини билиб, ёмонликлардан сақланиш демакдир. Тақвонинг хусусияти шунда, у инсонни ўзи устидан назоратчи қилиб қўяди. Тақвоси бор инсон ҳеч ким кўрмай турганида ҳам, кимсасиз жойда ҳам гуноҳ қилмайди, ёмонликдан ўзини тияди. Тақво виждонни қайраб туриш, уни соф ушлаб туриш омилидир. Агар жамият аъзолари ушбу хислат йўлида ҳамкорлик қилсалар, ўзларида мана шу малакани ҳосил қилишга интилсалар, жамият равнақ топаверади.

Оятнинг давомида гуноҳ ишлардан, ёмонлик йўлида ўзаро ёрдамлашишдан қайтарилмоқда: “Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманглар”. Яъни, гуноҳ, фаҳш, бузуқлик, ахлоқсизлик йўлида ўзаро ёрдамлашманг, адоват, душманлик йўлида ҳамкор бўлманг, фақат яхшилик йўлида бирлашинг.

Агар киши яхши ишларда ҳамкор бўлиб, кейин ёмонларига ҳам ёрдамлашиб кетаверса, унинг яхшиликлари фойдасиз. Шу боис ояти каримада масаланинг ҳар икки томони алоҳида таъкидланмоқда.

Оят сўнгида ушбу кўрсатмаларга амал қилмаган кишиларга огоҳлантириш ҳам бор: “Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир”. Яъни, ҳар қандай ҳолатда ҳам тақволи бўлинг. Агар эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилмасангиз, гуноҳ ва душманлик йўлида бирлашсангиз, билиб қўйинг, дунёда ҳам бу қилган гуноҳ ва адоватингиз оқибатини кўрасиз, охиратда ҳам бу ишингиз жазосиз қолмайди.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Тошкент Ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири