“(Одамларни) қўрқитиш, Аллоҳга имон келтирганларни Унинг йўлидан тўсиш, уни мақсадида ҳар кўчада ўтирмангиз! Озчилик эканингизда, (Унинг) кўпайтирганини эслангиз ва (ўтган) бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганига (бир) боқингиз!” (Аъроф, 86).

Ушбу ва бундан олдинги оятларда Шуайб пайғамбарнинг умматларига, яъни Мадян қабиласи аҳлига айтилган бир неча насиҳатлар бор. Шуайб пайғамбар Мусо пайғамбардан олдин ўтганлар, насаблари икки отадан кейин Иброҳим пайғамбарнинг Мадян исмли ўғилларига уланади. Оналари Лут пайғамбарнинг қизлари бўлган.

Оятда одамлар ҳақ йўлни топишларида уларга тўсқинлик қилишнинг хатарли экани баён этилади. Шуайб пайғамбарга имон келтирмаганлар ҳар хил йўллар билан бошқаларнинг ҳам ҳақ динга эргашишларига тўсқинлик қилишарди. Имом Заҳҳок айтади: «Шуайб пайғамбарнинг Аллоҳ таолодан қўрққанидан йиғлай-йиғлай кўзлари кўрмай қолган. Қавмига чиройли муомала қилгани учун у зот “Пайғамбарлар хатиби” деган ном олганлар. Қавми ҳақ диндан юз ўгириш билан бирга тарози ва ўлчовларда алдаб, кишилар ҳақига хиёнат қилишган”.

Шуайб пайғамбар бузғунчи, хиёнаткор қавмининг ишини Аллоҳ таолога ҳавола этгач, қаттиқ зилзила бўлиб, натижада уларни ер ютади. “Бас, уларни мудҳиш зилзила тутди. Натижада ўз жойларида ўтирганларича ер билан яксон бўлдилар” (Аъроф, 91).

Биз “Ҳар кўчада ўтирманг...”, деб таржима қилган оятнинг икки хил тафсири бўлиб, биринчиси, инсонлар юрадиган йўлларда ўтириб олишдир. Ривоятларга кўра, бузғунчи кимсалар йўлларда ўтириб олиб, Шуайб пайғамбарга имон келтирганларни қўрқитишга ҳаракат қилишарди. Иккинчиси, дин кўрсатмаларидан бўлган ҳар бир нарсага “сирот”, дейилади. Унга тўсқинлик қилиш эса ёмондир. Имом Замахшарий ушбу оятни “шайтонга эргашманглар” мазмунида тафсир қилган. Боғийлик, қароқчи йўлтўсарлик, қўрқитиш, ваҳима солиш динимиз ҳукмларига зид ишлардир. Шунингдек, мўминлар орасида иғво, фитна уруғларини сочиб, одамларни соғлом эътиқодидан чалғитиш ва турли макру ҳийлалар билан ёмонликка чорлаш улкан гуноҳдир. Мунофиқлар одамлар Шуайб пайғамбарнинг насиҳатларини тингламасин, деган мақсадда шу динни қабул қилсанг, бошингга бир бало ёғилади, деб кўнгилларига қўрқув солиб, уларни ҳидоятдан қайтаришга ҳаракат қилишган.

Чўчитиш ва зулм билан кишилар эътиқодига жиддий зарар етади. Аллоҳ таоло бандаларни шу каби разил иллатдан огоҳлантириб, олдинги бузғунчиларнинг оқибати қандай якун топганини эслатади. Нуҳ ва ундан кейин Од ва Самуд қавмларининг қай тарзда балога йўлиққанлари Қуръони каримда очиқ баён қилинган.

Аллоҳ таоло бизларга ато этган неъматларнинг кўплигини, гўзаллигини тафаккур қилсак, имонимиз қувватланади ва хато ишлардан тийилишимиз осон кечади.

“Руҳул баён” тафсирида шайтонга ўхшаб одамларни ҳақдан қайтариш, чўчитиш, васвасага солиш ёмондир, дейилади. Дин душманлари эса доим эл орасида тафриқа келтириб чиқариш пайида бўлишади. Шунда ҳам ғаразли мақсадларига етишолмаса, уларни диндан қайтаришга ҳаракат қилишади. Ҳийла ишлатиб, саросимага солиш билан инсонларни чалғитишади ва ўзларининг қўпорувчилик каби фасод ишларини амалга оширади. Бундай қора ишлари учун охиратда қандай азоблар тайин эканини, афсус, ўйлаб кўришмайди.

 

Имом Насафий ва Фахриддин Розий тафсирлари асосида Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.