«Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир. Аллоҳ йўлида қатл этилувчилар (шаҳидлар) ҳақида: “(Улар) ўликдирлар”, демангиз! Йўқ! (Улар) тирикдирлар, лекин сизлар (буни) сезмайсиз. Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир» (Бақара, 153–157).

Имом Муслим ривоят қилади: Расулуллоҳ бундай марҳамат қилганлар: “Мўминнинг ҳоли ажойиб: Аллоҳ унинг тақдирига нима битса унга яхшилик бўлаверади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унга яхши бўлади, агар бошига мусибат тушса, сабр қилади, бу ҳам унга яхши бўлади”.

«(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас» (Бақара, 45). Чунки барча фазилатларга сабр билан эришилади. Намоз барча ёмонликлардан қайтаради. Гуноҳлар ва ҳаром ишлардан тийилиш ҳам Алллоҳ таолонинг тоати ва ибодатида бардавом бўлиш ҳам сабр билан бўлади.

Расулуллоҳ айтадилар: “Балонинг биринчи зарбаси пайтидаги сабргина чин сабрдир” (Имом Бухорий ривояти). Демак, бирор мусибат, бало, етган вақтидаёқ инсон тушкунликка тушиб қолмай, уларнинг бари Аллоҳнинг имтиҳони эканини англаб, истиржо айтишни унутмаслиги лозим.

«Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)

Аллоҳ таоло инсонларни гоҳида яхшилик билан, гоҳида очлик ва хавф каби қийинчиликлар билан синайди. Ким сабр қилса, унга ажр ёзади.

Аллоҳ бандаларига ҳаёт, соғлик, тинчлик каби неъматларни, бу нарсаларга улар ҳақдор эканлари учун бермайди, балки Аллоҳ таоло уларни ўз фазли билан беради.

«Уларга мусибат етганида: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, дейдилар». Яъни, мўминлар ўзларига шу сўзлар билан тасалли берадилар ва барча нарса Аллоҳнинг мулки экани, У хоҳлаганича тасарруф этишини, ҳамда Қиёмат куни зарра мисқол оғирлигида савоб ҳам зое кетмаслигини, Унинг ҳузурига қайтишларини биладилар.

«Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» («Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз») истиржодир. Умму Саламадан ривоят қилинади: «Бир куни Абу Салама олдимга Расулуллоҳнинг ҳузурларидан келиб: “Расулуллоҳдан хурсанд қиладиган бундай гапни эшитдим: Кимнинг бошига мусибат тушганида у истиржо айтса ҳамда: “Ё Аллоҳ, мусибатимга мукофотини бер, менга бундан яхшироғини алмаштир” деса, Аллоҳ унга сўраганини беради”, деди» (Имом Аҳмад ривояти).

Анас ривоят қилади: «Расулуллоҳ : “Агар бирор мусибат узоқ давом этса, банда тинмай истиржо айтиб турса, банда айтган ҳар бир истиржога савоб ёзилади”, дедилар». Абу Бакр Жассос тафсирида бундай дейилади: Сабр қилган инсонга охиратда шу қадар кўп савоб ёзилади, унинг миқдорини фақат Аллоҳ таолонинг ўзи билади.

Бу оятдан икки хил ҳукм олинади. Биринчиси фарз, иккинчиси мандуб. Аллоҳнинг амрига таслим бўлиш, унинг қазои-қадарига рози бўлиш, Унинг буюрган амалларини бажаришда сабрли бўлиш фарз, истиржо, яъни, “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”ни айтиш мандубдир.

Довуд Тоий айтади: “Мусулмон киши бу дунёдаги мусибатларга хафа бўлиши мумкин эмас, чунки у ҳар бир мусибатга савоб берилишини билади”.

Ғазабни енгиш ҳам сабрнинг бир тури ҳисобланади, гоҳида одамлар орасида анча вақт сабр қилиб, сўнг: “Етар, шунча сабр қилдим” дейдиганлари ҳам учраб туради. Бу ҳолат Аллоҳнинг тақдиридан норози бўлишдир. Рўзғордаги етишмовчиликни бошқаларга ошкор қилиш ҳам сабрсизлик ҳисобланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳга шукр айтиб, берганига қаноат қилиш энг маъқул ишдир.

Зеро, «Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ...ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир».

 

Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳл ас-Сунна”, Ибн Касирнинг “Тафсийрул Қуръанил азийм” тафсирлари асосида Бадриддин САДРИДДИН ўғли тайёрлади.