"Ассалому алайкум!" Кимдир салом берса, дарров юзига қарайсиз, муносиб алик оласиз: "Ваалайкум ассалом!" Бу тавозели сўзлар замирида олам-олам маъно бор. Одамлар муносабатларига илиқлик бағишлайдиган бу жумла қалб­ларимизга муҳрланган. Бобокалонимиз Бурҳониддин Марғиноний тавозе ва такаллуф ҳақида бундай деганлар:

Сифатлар ичида

тавозе хўбтар,

Яхши одам бўлур

ҳамиша камтар.

Тавозе обрўни

кўтарар баланд,

Мартаба суффаси

сенинг билан банд.

Ота-оналаримиз катта ёшдагиларга салом бериш одобдан, деб ўргатишар, салом берганда ҳам сўзларни дона-дона, аниқ, чин дилдан талаффуз қилиш шартлигини уқтиришарди.

– Ассалому алайкум!

– Ва алайкум ассалом! – бу билан ўзга кишига соғлик-саломатлик, омонлик тиланади.

"Сомалайкум!" десанг, юқоридаги фикрларнинг аксини айтган бўласан, мазмун ўзгариб кетади, дея тушунтиришарди.

Эсимда... Мактабда ўқитувчимиз доскага "Ассалому алайкум" сўзини ёзиб, тўғри талаффуз қилишни ўргатиб: "Катталарга қўлингизни кўксингизга қўйиб салом беринг. Шунда улардан дуо оласиз, "Отан­гга раҳмат!" деган олқиш эшитасиз", деб дарс ўтганлар. Бошланғич синф ўқувчилари эмасмизми, дарров қулоғимизга қуйиб олардик. Ўқитувчимиз саломлашиш одоби, доимо тавозели бўлиш шартлиги, одоб билан жавоб бериш лозимлиги ҳақида ҳам гапирганлар. Дарсдан олган таассуротларимиз натижасида уйга қайтишда кўринганга чуғурлашиб "ким олдин" салом беришга шошардик. Кимдир бепарво, яна кимдир мийиғида кулиб жавоб қиларди. Айниқса, кекса отахонлару онахонлар: "Ваалайкум ассалом! Баракалла болалар, оталарингга раҳмат!" дейишарди.

Бизлар бу "мукофотни" ота-онамизга етказиш учун уйга чопқиллардик.

Адабли шарафдан

етолди моҳга,

Беадаб ғазабдан

қулади чоҳга, –

деб бежиз айтишмаган экан. Болалигимдаги ўша воқеалар ҳануз ёдимда. Таниш-нотанишга салом бериш катта савоб эканлигини ҳикмат китобларидан ўқиб-ўргандим. Энди бу фикрларни набираларимнинг онгига сингдиришга масъулман.

Зеро, кишиларга яхшилик, омонлик, соғлик тилашда гап кўп.

 

Тўхтахон РАҲИМОВА,

маънавият тарғиботчиси