Фарзандларимиз тарбиясида эътибор муҳим ўрин тутади. Гўдаклик чоғидан яхши иш қилганида, тақдирлаб, камчиликларини, айбини атрофлича тушунтириб, секин қалбига гўзал хулқни, покликни, ҳаёни сингдириб бормоқ лозим бўлади. Аксинча, қаровсиз ташлаб қўйилган бола ўтиндан бошқасига ярамайдиган дарахт каби ҳосили йўқ бир туп шох-шаббага айланади. Ҳолбуки, боғбон унга сув, ўғит бериш билан бирга, кераксиз новдаларини кесиб туриши керак эди.

Бола улғайиб, яхши-ёмонни фарқлай бошлагач, унга имон тушунчаларини, Ватанга муҳаббат, катталарни ҳурмат қилиш, мақтанчоқлик, манманликдан узоқ бўлиш, бошқаларга паст назар билан қарамаслик кабиларни ақлига сингдириб бормоқ зарур.

Шунингдек, овқатланиш одобини ўргатиш ҳам тарбия­нинг муҳим жиҳат­ларидан биридир. Масалан, болани таомга катталардан олдин кўл чўзмай, ўнг қўли билан ўз олдидан олиб, шошмасдан чайнаб ейишга ва исрофчиликка, қимматбаҳо кийимлар олиб кийинишга эмас, балки оддийлик, саранжом-саришталикка одатлантириш лозим. Болани тарбиялашда ота бироз қаттиқкўл бўлгани яхши. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳеч бир ота ўз фар­зандига яхши хулқу одобдан кўра улуғроқ мерос қол­диролмайди” деганлар.

Фарзанд тарбияси фақат оиланинг, ота-онанинг вазифасигина эмас, балки мактаб, қўни-қўшни, маҳалла, қолаверса, жамият бурчлари­дан биридир. “Бир болага етти қўшни ота-она” деб бежиз айтишмаган. Ҳаким Бузургмеҳрдан: “Дунёда энг ширин нарса нима?” деб сўрашибди. “Итоатли фарзанд” деб жавоб берибди донишманд. “Дунёда энг аччиқ нарса нима?” деб яна сўрашибди. “Дунёда энг аччиқ нарса ноқобил фарзанд” дея жавоб берибди у. Бузургмеҳрдан яна “Ноқобил фарзанд нимага ўхшайди?” деб сўрашганида, “Ноқобил фарзанд ортиқча бармоққа ўхшайди. Кессанг оғрийди, қўйиб қўйсанг – айб ҳисобланади” деган экан. Демак, фарзандларимизни оиласига, жамиятга фойдали инсон қилиб тарбиялашимиз лозим. Бўш вақтларида ўзлари қизиққан  яхши санъат, спорт турлари билан шуғулланишларига шароит яратсак, уларни ҳар хил зарарлардан ва ёт оқимлар тузоғига илинишларидан ҳимоялаган бўламиз.

 

Бўрибой ТОЖИЕВ