Ислом ҳидоятида тарбия кўрган, унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган киши ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъй-ҳаракат қилади. Чунки у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган. Инсонларга яхшилик қилиш ўзини икки дунё саодатига олиб келишини теран англайди. Яхшилик қилиб яшаш бахтини дилдан ҳис этади.

Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтди:"Эй имон келтирганлар! Руку қилингиз, сажда қи­­ли­н­гиз ва Раббингизга ибодат қилиб, эзгу иш ­қилин­гиз – шоядки, нажот топ­сангиз!" (Ҳаж, 77).

Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб, ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил интилади. Чунки у яхшилик йўлида қўйилган ҳар бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.

Инсониятнинг жоҳилият залолатидан Ислом нури сари юзланишига сабаб бўлган улуғ зот Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб айтганлар:

"Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг эҳсондир. Бир кишининг уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг эҳсондир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга эҳсондир" (Муттафақун алайҳ).

Мусулмон кишининг ижтимой ҳаётда адо қиладиган яхши амаллари билан намоз ўқиш учун масжид сари босган қадами ўртасидаги бу боғланиш қандай ҳам гўзал! Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шуни алоҳида таъкидлайдиларки, Ислом дини инсонга, унинг дунё ва охиратдаги ҳаётига доир барча ишларни ислоҳ этиш ва тартибга солиш учун келган бўлиб, дин ва дунё, ижтимоий ва руҳий ҳаёт ўртасини асло ажратмайди.

Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики, ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз, ибодат бўлади.

Шунинг учун ҳам мусулмон кишига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг,­­ беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.

Улуғ саҳоба Жобир (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Яхшилик қилишнинг барчаси садақадир", деб марҳамат қилганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нақл қиладилар. У зоти шариф (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ­ай­тдилар: "Табассум билан айтилган чиройли сўз садақадир".

Абу Мусодан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб айтдилар:­"Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобалар сўрашди: "Эй Аллоҳнинг расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади?" Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтди­лар: "Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади". Улар сўрашди: "Эй Аллоҳнинг' расули! Агар бунга қодир бўлмаса, не чора қилади?" У зоти шариф дедилар: "Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади". Асҳоблар савол қилишди: "Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади?" Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб бериб айтдилар: "Яхшиликка йўллайди". Саҳобаи киром сўрашди: "Буни ҳам қила олмаса-чи?" Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мар­ҳамат қилиб айтдилар: "Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади" (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларини: "Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим", деган сўз билан бошладилар, сўнгра турли маъруф ва яхшиликларни санаб ўтдилар. Мусулмон киши бу амалларни қилиш орқали улуғ савобларга эришиши мумкин. Демак, мусулмон киши садақа-эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонлиқдан тийса, шуб­ҳасиз, ажру савобга сазовор бўлади. Мусулмоннинг барча саъй-ҳаракатлари инсон манфаати йўлида бўлиши зарур. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мар­ҳамат қилиб айтдилар:"Ҳақиқий мусулмонлик одамлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишларидир" (Бухорий ривояти).

Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан узоқда бўлмоғи керак. Ҳақиқий мусулмон яхши амалларни қилишда бардавом бўлади, у ҳар вақт Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ҳадисларига амал қилиб боради:

"Сизлардан ҳеч бирингиз ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича комил имонли бўлмайди" (Муттафақун алайҳ).

Демак, мусулмон киши ўзига севимли бўлган нарсани бош­қа биродарларига ҳам бўлишини яхши кўриши, яъни уларга фойда келтириши ва улардан ҳар қандай зарарни даф қилиши лозимдир.

Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинлик Яратганнинг биз – бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, фидойи инсонларнинг элим-юртим деб қилаётган эзгу меҳнатининг самарасидир, десак асло янглишмаймиз. Зотан, ҳар бир кунини, ёйинки ҳар сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксикларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар – чинакам фидойилардир. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини раво қилишда доимо саъй-ҳаракатда бўлиш қандай саодат. Бу ҳакда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб, бундай деганлар:

"Банда, модомики, биродари ҳожатини раво қилар экан, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини осон қилишда давом этади" (Табароний ривояти).

Эзгуликни фақат моддий кўмак бериш ёхуд бирор жисмоний ёрдам кўрсатиш деб тушуниш бирёқлама тасаввур бўлар эди. Зеро, яхшиликнинг чеки-чегараси йўқ. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам – бир яхшилик. Жалолиддин Румийнинг қалб тавофини Каъба тавофидан машаққатли эканини таъкидлагани ҳам бежиз эмас:

 "Тавофи Байтул Халил

                   кори онсон аст,

Тавофи байтул Жалил

                   кори мардон аст".

 "Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши лозим", деган шиорни ўзимизга дастур билиб, доим яхшиликлар пайида бўлмоғимиз бизни ҳақиқий инсонийлик сифатига сазовор этиб, Парвардигор ҳузурида чексиз ажру савобларга, икки дунё саодатига муяссар этади. Бинобарин, бу ҳаётда инсондан фақат яхшиликкина қолади. Яхшиликнинг мукофоти эса фақат яхшилик, яъни, жаннатдир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларининг бирида марҳамат қилиб:

"Ким бир мўминдан дунё қийин­чиликларидан бирини енгил­лаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Ким ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунёю охиратда енгилликни ато қилур" (Муслим ривояти), деб айтганлар.

Яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган эл-юрт мустаҳкам бўлиб, тараққий этади. Бундай диёрда инсонлар бир-бирига меҳрли, мурувватли бўлади.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан «Обод турмуш йили» деб номланган жорий йилда яхшилик қилиб яшаш бахти барчамизга насиб этсин. Юртимиз янада обод ва фаровон бўлсин.