Ҳаёт имтиҳон ва синовларга тўла. Бу йўлда сабр инсонга энг яхши ҳамроҳ. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча ўринларида бандаларини сабрга буюради. Зотан у имон нишонаси, киши шахсиятининг ажралмас қисмидир.

Сабр бошга бир мусибат тушганида пушаймонга бошлайдиган ишлардан тўсувчи, таскин ва тасалли берувчи энг яхши восита. Бу борада ҳам энг чиройли ўрнакларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётларидан оламиз. У зот ҳар қандай ҳолатда ҳам тушкунликка тушмай, сабр ва таслимиятларини йўқотмаганларига гувоҳ бўламиз. Зотан, Сарвари оламга (алайҳиссалом) юклатилган буюк вазифа юксак сабрни тақозо қиларди. Асрлар мобайнида ширк, исён, манфаатпарастликка ўрганган инсонларни ҳуркитмасдан, сабр ила залолат ботқоғидан чиқаришлари керак эди. Жоҳилият одатлари билан кирланиб кетган жамиятга Аллоҳ тарафидан "хушхабар берувчи" ва "огоҳлантирувчи" (Нисо, 165) элчи сифатида юборилган инсоннинг эга бўлиши зарур бўлган сифат эди сабр.

Ҳали дунёга келмасларидан оталаридан, шафқатга муҳтож бўлган дамларида меҳрибон оналаридан айрилдилар. Мурғак юрак ила гўдакликданоқ етимликка сабр қилишни ўргандилар...

У зотнинг афзалликларидан бири ишончлиликлари эди. Қавмдан ҳеч бир киши бу борада шубҳа қилмасди. Аммо "ал-Амин" сифати жоҳил жамоа учун у зотнинг пайғамбар этиб юборилганларини тасдиқлашга етарли бўлмади. Ёлғончига, сеҳргарга чиқаришди. Аммо у зот сабр билан маслакларида давом этдилар...

Макканинг энг бой ва аслзода аёли Хадича бинти Ҳувайлиднинг ишларини юритганларида ҳам катта сабр ичра эдилар. Зиммадаги вазифани чиройли бажариш, барча машаққатларга чидаш, бировнинг омонати бўлган молларни эгасига бус-бутун топшириш, муҳтожликка қарамай пул, бойлик олдида нафсига енгилмай, сабот билан туриш - буларнинг бари сабрсизликни кўтармайдиган ишлар эди...

Аллоҳ таоло у зотга энг улуғ ва энг оғир омонатни юклади - инсониятга Аллоҳни танитиш, тўғри йўлни кўрсатиш, пок динни ўргатиш, қалбларни куфр, ширк ва исёндан тозалаш. Бу шарафли ва мушкул вазифани мукаммал адо этишлари учун ҳам Парвардигори олам илк онлардан у зотни сабр мактабида тарбия қилди.

Ториқ ибн Абдуллоҳ Муҳорибий айтади: "Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зулмажоз бозорида, қизил либос кийган ҳолатда кўрдим.

- Эй одамлар! Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, денг ва нажот топинг! - дея баланд овозда хитоб қилардилар. Орқаларидан бир одам у зотга тош отиб борар ва:

- Эй одамлар! Унга асло ишонманг, итоат этманг. Чунки у ёлғончидир! - деб бақирарди. Отган тошлари Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оёқларини қонатиб юборганди. У ердагилардан "Бу одам ким?" деб сўрадим.

- Абдулмутталиб ўғилларидан, - дейишди.

- Ортидан тош отиб кетаётган ким?

- Амакиси Абу Лаҳаб, - деб жавоб беришди" (Дорақутний ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хасталикда ҳам энг чиройли сабр намунасини кўрсатдилар. Абу Саид Худрий у зот хасталанганларида кўргани борганларидаги ҳолатни бундай ҳикоя қилади:

"Қўлимни елкаларига қўйдим, ҳароратларининг юқорилиги ёпинчиқнинг устидан ҳам билиниб турарди.

- Эй Расулуллоҳ, иситмангиз баланд, - дедим.

У зот марҳамат қилдилар:

- Биз (пайғамбарлар) шундаймиз. Дард бизга кучли келади, мукофоти ҳам шундай бўлади...»

 

Тўғри, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам инсон эдилар. Пайғамбарлик вазифаларини бажарарканлар, илоҳий чақириққа лоқайд, бегона қолаётган кишиларни кўрганларида "Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўранг" (Бақара, 153) ояти каримасига мувофиқ Аллоҳдан ёрдам истардилар.

Биз бугун энг оддий нарсаларга ғазаб қилиб, жаҳл отига миниш олдидан эслашимиз зарур бўлган нарса шу - Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сабрлари. Чунки биз энг муборак умматликка даъвогармиз. Бу шунчаки даъволигича қолиб кетмаслиги учун ҳам бажаришимиз керак бўлган вазифа - у зотнинг ҳаётларидан ўрнак олиш, гўзал ахлоқлари билан хулқланишга ғайрат қилишдир.

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи тайёрлади.