Ватанни севиш, туғилиб ўсган ердаги бор нарсаларни ардоқлаш, бағридан узоқ кетилганда соғиниш, қўмсаш инсон фитратига хос ҳиссиёт. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага кетаётганларида, ортга, Макка тарафга ўгирилиб: "Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим", деганлари ривоят қилинади.

Шоҳ ва шоир Бобур Мирзо шундай васият қилгани келтирилади: "Вафот этганимдан кейин мени Ватанимга яқин бўлган тоғга кўминг. Токи она-юрт шамоли қабрим устидан эсиб турсин. Иложи бўлса, Андижондан бир сиқим тупроқ олиб келиб, қабрим узра сепинг..."

Аслида, Ватан меҳри, соғинчи тирик инсонга хос ҳислар. Лекин ўлгандан кейин ҳам она-юрт тупроғида ётишни исташ бу туйғунинг нақадар теранлигидан, инсоннинг жон томирларига туташлигидан далолат.

Ватанни севиш, унинг ҳар қарич тупроғини ардоқлаш, ривожи учун ҳисса қўшиш ҳар бир инсоннинг бурчигина бўлиб қолмай, мўминга хос хислат ҳамдир. Бунинг ажру мукофоти ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилади: "Ким Аллоҳ йўлида султонига итоат қилган ҳолда мусулмонларнинг орқасидан уларни қўриқласа, унинг кўзи асло дўзахни кўрмайди" (Аҳмад ривояти). Уқба ибн Амр Жуҳанийдан Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дуо қилганлари ривоят этилади: "Аллоҳим, чегарада турган соқчиларни Ўз паноҳингда асра" (Ибн Можа).

Она-Ватанни қўриқлаш ҳар биримизнинг вазифамиз. Буни эркаклар куч-қувватлари, аёллар эса фарзандларини юртга муҳаббат ва садоқат туйғулари асосида тарбиялаш билан амалга оширадилар. Бу - жудаям кенг тушунча. Ҳар бир касб эгаси ўз касби билан юртга фидойилигини кўрсатиши мумкин. Зеро, Ватан фидойилиги ҳавойи тушунча эмас, балки аниқ ҳаракатдир. Мазкур ҳаракатнинг асоси ҳар бир фуқаронинг ташаббусидан бошланади.

Шу ўринда бир ривоятни келитиршни жоиз топдим. Бир мамлакатнинг подошоҳи оқ мармардан ажойиб ҳовуз қурдирибди. "Аҳли фуқаронинг ҳар бири шу тундан тонгга қадар бир пиёладан сут келтириб тўксин", деб амр қилибди. Фармонни эшитган бир киши "шунча одам орасида битта мен сут ўрнига сув олиб борсам, ким билиб ўтирибди", деган ўйда ҳовузга сув тўкиб қайтибди. Эртасига тонгда қўриқчилар не кўз билан кўрсинки, ҳовуз сув билан тўлган эди. Чунки ҳамма бояги киши сингари йўл тутган, кўпчилик ичида билинмай кетади деб сут ўрнига сув олиб келганди...

Демак, Ватан ҳимояси, унинг ривожи йўлида энг кичик хизматни ҳам кам кўрмаслик керак. Чунки бу шунчаки бурч бўлиб қолмай, икки дунёда ҳам яхшиликларга эришишга восита бўладиган эзгу амалдир.

 

Жамолиддин МАВЛОНОВ,

"Мир Араб" ўрта махсус Ислом билим юрти мударриси