Қабр зиёрати кўнгилга таскин беради, ўлимни, охиратни эслатади ҳамда қалбдаги кибрни кетказади. Ўликлар тирикларнинг Қуръон тиловати, дуо ва садақалари савобларидан баҳраманд бўлади.

Қабрни зиёрат қилишнинг ўзига хос одоблари бор. Ҳар бир мусулмон уларни яхши билиши керак. Қабристонга кираётганда у ерда ётганларга салом берилади. Расулуллоҳ қабристонга кираётганда бундай деганлар: “Ассалому алайкум, мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли! Аллоҳ таоло бизлардан ўтганларни ҳам, яшаётганларни ҳам раҳматига олсин. Иншааллоҳ, бизлар сизларга қўшиламиз” (Имом Муслим).

Қабристон ҳудудида сокин юрилади. Дунё ташвишлари унутилиб, охират ҳақида фикр юритилади. Баланд овозда сўзлашилмайди. Зарур сўзлар одоб билан айтилади.

Қабрга ўликнинг оёқ томонидан келиниб, қиблага юзланиб ўтирилади. Қабр устига ўтириш, босиш ёки суяниш мумкин эмас. Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар: “Сизлардан бирингиз чўққа ўтириб, кийими куйиб терисига ўтиши қабр устига ўтирганидан яхшидир” (Имом Муслим).

Қабрда ётганлардан ёрдам сўралмайди. Зеро, улар ўзлари дуога муҳтож. Расулуллоҳ бундай деганлар: “Сўрасанг, Аллоҳдан сўра, ёрдам тиласанг, Аллоҳдан тила” (Имом Термизий).

 Қабристонда кулиш ва ўйнаш, қабрни ўпиш мумкин эмас. Ўликнинг яхши хислати эсланади, уни сўкиш ёки ёмон сифатлари билан эслаш жоиз эмас. Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар: “Ўликларингизни фақат яхши сифатлари билан ёдга олинглар” (Имом Насоий).

Расулуллоҳ қабристонда қабрга юзланиб намоз ўқишдан қайтарганлар. Ибн Умардан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ етти жойда намоз ўқишдан қайтардилар: ахлатхонада, қассобхонада, қабристонда, йўл устида, ҳаммомда, туяларнинг сув ичиш учун чўкадиган жойида ва Каъба устида” (Ибн Можа).

Қабристон ҳудудида катта ёки кичик таҳорат синдирилмайди, дарахтларга ип ёки латта боғлаш каби хурофат ишлар қилинмайди. Еб-ичилмайди. Қабр тепасига чироқ, шам ёқиш мумкин эмас.

Қабристонда бугунги ўликлар кечагина ҳаракатда ва амалда бўлганлар, ҳозир эса ҳеч нарсага қодир эмас, балки қилиб ўтган амалларидан сўралаётганлари кўнгилдан ўтказилади. Мусулмон шулардан ибрат олиб, хато ва камчиликларини тўғрилайди, тавба қилади. Ўлим яқин эканини, тез орада ўзи ҳам қабр аҳлидан бўлишини юракдан ҳис этиб, қалби юмшаб, қабристондан чиқади.

Муҳаммадий ҚОРАЕВ,

“Хожа Бухорий” Ислом ўрта махсус билим юрти ўқитувчиси