Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини ҳам (эгик, заиф) қилиб қўюрмиз. Ахир, ақл юргизмайдиларми?!" (Ёсин, 68).

Инсон кексайганида ёрдамга, суянчга муҳтож бўлади. Кекса ота-онаси ёки қарамоғида бирор қариндоши бор кишилар ўзларининг ҳам шу ҳолга тушишларини тасаввур қилиб, ибрат олиб, уларга чиройли муомала қилса, дуоларини олса савобга эришади.

Ҳадиси шарифда: "Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келарди", дейилган (Имом Бай­ҳақий ривояти).

Бошқа ҳадисда: "Мўйсафид мусулмон кишини ҳурмат қилиш, Аллоҳ таолони улуғлашдандир" дейилган (Имом Муслим).

Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: "Кичикларимизга раҳм-шафқатли бўлмаган, катталаримизнинг ҳурматини жойига қўймаган киши биздан эмас" (Имом Термизий ривояти).

Кексалик улуғ неъматлардан, уни ибодат ва хайрли ишлар билан безаган киши Аллоҳ таолонинг ҳузурида юксак даражага эришади. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: "Сизларнинг яхшиларингиз – узоқ умр кўриб, яхши амалларни кўп қилганларингиздир" (Ҳоким ривояти).

Табаррук ёшдаги отахону онахонларимиз юзида имон нури балқиб туради. Аллоҳ тао­ло ҳузуридаги даражаси ҳам тоат-ибодатлари билан юксалиб боради.

Афсус, орамизда кекса­йиб қолган ота-оналари ёки қариндошларининг ҳолидан хабар олмайдиган айрим кишилар ҳам йўқ эмас. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:

«Қиёмат куни Аллоҳ таоло бандасига айтади: "Эй инсон фарзанди! Бетоб бўлдим, Мени келиб кўрмадинг". У одам айтади: "Эй Раббим, Сен бутун оламнинг Парвардигори бўла туриб, мен Сени қандай қилиб кўришим мумкин эди?" Аллоҳ дейди: "Фалончи одамни бетоблигида бориб кўрмадинг-ку, агар борганингда, унинг олдида Мени топардинг. Эй инсон фарзанди! Ўзинг ов­қатландинг, аммо Мени йўқламадинг". Одам айтади: "Эй Раббим, Сен бутун оламларнинг подшоҳи бўлсанг, мен Сени қандай овқатлантиришим мумкин эди?" Аллоҳ айтади: "Фалон бандам овқат сўраб олдингга борганида, сен унга ов­қат бермадинг. Агар овқатлантирганингда, унинг ҳузурида Мени топардинг. Эй инсон фарзанди! Мен сендан сув сўрадим, сув бермадинг!" Одам айтади: "Эй Раббим, Сен бутун оламларнинг Парвардигори бўлсанг, мен Сенга қандай қилиб сув беришим мумкин эди?" Аллоҳ айтади: "Фалон бандам сув сўраганда, сен унга бермадинг. Агар берганингда, унинг ҳузурида Мени топардинг"».

Ушбу қудсий ҳадисда ёрдамга муҳтожларга кўмак бериш лозимлиги баён қилинган. Кексаларнинг ҳолидан хабар олишда, уларнинг ҳаётий тажрибалари ва турмуш сабоқларидан фойдалар олинади.

Халқимиз, "Қари билганни пари билмас", деб бежиз айтмаган.

Аллоҳ таоло улуғларимиздан дуолар олишни ҳаммамизга насиб этсин!

 

Собиржон АРЗИҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими