Бир куни раҳматли бувим қариндошимизнинг тўйидан хафа бўлиб келдилар. Изатталаб бўлмаган бувим бошқа аёллардек ўзлари учун хафа бўлмаганлари аниқ. Демак, кўнгилларини хира қиладиган воқеа юз берган.

Тугунларини очиб, ичидагиларни дастурхонга қўяр экан, йиғлагудек бўлиб сўз бошладилар:

– Одамларимиз ажо­йиб-да, бор-йўғини тўйга сарфлайди, қариндош-уруғ, яқинлар эса топган-тутганини ҳадя, тўёна сифатида беради. Ўзига тўқ аёллар катта-катта совғалар, сават-сават пишириқлар билан келишди. Уларга кўрсатилаётган манзират ҳам ўзгача. Кийими, олиб келган нарсаси оддийроқларга эса бундайроқ муомала. "Айланайлар, – дедим кўнглим тошиқиб, – биз фақат бу дунёни деб яшамаймиз. Қозон-қозон ош дамлаб, тарқатамиз ва буни эҳсон деймиз. Ваҳоланки, эҳсонимизга муҳтож бўлганларни эмас, аксинча, ўзига тўқ кишиларни чақиришга ҳаракат қиламиз.

Қилаётган амалларимиз риё, обрў орттириш учунгина бўлиб қолмаяптими? Тўй учун йиққан сеп-сидирғалар уч-тўрт уйни тўлдиради, қудалар билан олди-бердиларда боримизни аямаймиз. Аммо ён қўшнимиз ёки қариндошимизнинг усти юпунлиги, етишмовчиликда яшаётгани эсимиздан чиқади. Ахир, охират учун ҳам маънавий дастурхон ҳозирлашимиз керак-ку!"

Улғайганим сари тўй-маъракалар, улардаги олди-бердининг ўзидагина йўл қўйилаётган исрофгарчиликларни кўрганимда бувимнинг куюниб айтган ўша сўзларини эслайман. Шундай ўхшатиш қиламан: гўё амалларимиз қийғос гуллаган дарахт мисоли. Аммо ўша гулларнинг ҳаммаси ҳам мева тугавермайди. Аксариятини шамоллар учириб кетади, лойларга қоради. Биз ҳам кўп эзгу ишлар қиламиз, аммо уларни миннат, риё билан йўқликка йўллаймиз. Сўнгги сафар чоғида маънавий дас­турхонимиз ғариблигидан ўкинмаслик учун ҳам қилаётган ишларимизда ихлосли бўлсак, яхши бўларди!

 

Машраббону АКМАЛЖОН қизи