Мусулмон киши соғлом ва иродали бўлишга интилади. Бунинг учун мунтазам бадантарбия билан шуғулланиш лозим бўлади. Расулуллоҳ: "Кучли мўмин Аллоҳ таолога кучсиз мўминдан севимлироқ ва яхшироқдир. Лекин иккисида ҳам яхшилик бор", деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим, Ибн Можа). Шунингдек, ҳазрат Умар ибн Хаттоб: "Болаларингизга сузиш, ўқ отиш ҳамда от минишни ўргатинглар", деб айтган.

Бадантарбияда фойдалар кўп. У қон айланишини яхшилайди, танада кислород миқдорини оширади. Кўкрак қафасини кенгайтиради. Ўпка касалликларидан асрайди. Танани ўстириб, бақувватлаштиради. Шунингдек, хулқни чиройли қилади, ақлни пешлайди. Яхши одатларни шакллантиради, олийжаноб ишларга йўналтиради.

Бадантарбиянинг ҳам ўзига хос одоблари бор. У билан шуғулланган Аллоҳдан тоат-ибодатга куч сўрайди, одамларга ёрдамлашиш, оғирини енгил қилиш ниятида бўлади. Расулуллоҳ: "Амаллар ниятга қараб", деб мар­ҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ).

Турли ёшдаги кишиларга бадантарбиянинг турли усуллари мос келади. Кичик ёшдаги болалар учун қийин ва зўравонликка олиб борувчи спорт билан шуғулланиш тавсия қилинмайди, аксинча, улар бадан ва зеҳнга фойда келтирадиган машғулотларга жалб этилади. Ҳадиси шарифда зикр қилинган найза отиш, чавандозлик, сузиш, югуриш кабилар спортнинг энг афзал турларидир.

Мўмин вақтни режалаштиради. Иши ва дарси учун алоҳида, спорт учун алоҳида вақт ажратади. Машғулотлар билан мўътадил, ҳар куни бир вақтда шуғулланиш танани бақувват қилади. Акс ҳолда толиқишга олиб келиши мумкин.

Бадантарбия қилинадиган жой кенг ҳамда озода бўлиши керак. Мактаб спорт заллари ёки кенг боғда шуғулланиш мақсадга мувофиқ. Рақибига зарар ёки озор берадиган ҳаракатлар қилинмайди. Чунки спорт яхши хулққа, рақибини ҳурмат қилишга ундайди.

Машқ жараёнида сўкиниш, ҳақоратлашиш мутлақо ярамайди. Аксинча, сабр-бардошли бўлиш керак.

Динимиз инсонларни имон-эътиқодда мустаҳкам бўлишга ундагани каби, жисман соғ­лом ва бақувват бўлишга тар­ғиб этади. Бунга спорт билан давомли шуғулланиш натижасида эришиш мумкин.

 

Иқбола НАРИМОНОВА тайёрлади.