Инсон кўп сабаблар билан йиғлайди: оғриқдан, мусибатдан, севинчдан. Бу йиғилар наф­соний йиғилардир. Яна бир йиғи бор. Бу йиғи гуноҳларни эътироф этиб, гуноҳ боис тортилажак азоблардан қўрққан, тавба қилган кишининг йиғиси­дир.

Қуръони каримда ана шундай кўзёши тўккан мўминлар: “Улар йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг камтарлик­ларини зиёда қилур” (Исро, 109) деб мақталади.

Абу Ҳурайра  айтади: «Расулуллоҳ : “Сут кўкракка қайтиб кирмагунча, Аллоҳнинг (азобидан) қўрқиб йиғлаган кишига дўзах олови етмайди”, деб марҳамат қилганлар» (Имом Насоий). Аллоҳ таолонинг ҳисобсиз неъматлари учун шукр кўзёши тўкиш шарафли ишдир.

Ато ибн Абу Рабоҳ  айта­ди: «Мен ва Убайд ибн Умайр Ойша  ҳузурига кир­дик. Умайр Ойшадан : “Раcулуллоҳда  кўрган энг ажаб­ланарли нарcа ҳақида га­пириб беринг?” деб сўради. Ҳазрат Ойша  йиғлаб, бундай деди: “Бир кеча Расулуллоҳ намоз ўқиш учун туриб: “Эй Ойша, мени ҳоли қўй, Парвардигоримга ибодат қилай”, дедилар. Мен: “Аллоҳга қаcам, ёнингизда бўлиш­ни суяман. Сизни хурcанд қилган нарсани мен ҳам яхши кўраман”, дедим. У зот  туриб таҳорат олдилар ва намоз ўқий бошладилар. Намозда йиғлаганларидан этаклари ҳўл бўлди. Йиғлайверганларидан ерни ҳам ҳўл қилдилар. Ҳазрат Билол  намозга келганида, у зотни  бу ҳолатда кўриб: “Ё Раcулуллоҳ, йиғлаяпcизми? Ахир Аллоҳ таоло ўтган ва ке­йинги гуноҳларингизнинг барини мағфират қилган-ку?!” деди. Пайғамбаримиз : “Шукр қилувчи банда бўлмайинми?! Менга бу кеча бир неча оят нозил бўлди, уларни ўқиб, тафаккур қилмаган кишига вайл бўлcин”, деб ушбу оятларни ўқидилар: «Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар): “Эй Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!” (Оли Имрон, 190–191, Ибн Ҳиббон)».

Қилинган хато ёки гуноҳ­лардан афсусланиб йиғлаш гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлади. Уқба ибн Омир  айтади: «Мен Пайғамбаримиздан : “Ё Расулуллоҳ, нажот нимада?” деб сўрадим. Расулуллоҳ : “Тилингни сақла, уйи­нг сени сиғдирсин, хатоларингга йиғлагин!” деб марҳамат қил­дилар (Имом Термизий)».

Ризқ танглиги ёки дунё иши учун йиғланмайди. Берувчи ҳам, олувчи ҳам Аллоҳ таолодир. Ўлганга ҳам фарёд қи­либ йиғланмайди. Балки овоз чиқар­­масдан, ачиниш ва раҳм-шафқат билан йиғлаш жоиз. Зеро, раҳм қилмаган шафқат кўрмайди (Имом Бухорий).

Охират азобидан қўрқиб, кўзёши тўкиши инсоннинг ўзи заиф эканини эътироф этиши, кибр ва ғурурдан халос бўлиши демакдир. Парвардигори жамолини кўриш истагида, гуноҳлардан тавба қилиб, азобидан қўрқиб тўкилган ёш ибодат саналиб, кишига шараф келтиради. Аксинча, ношукрлик қилиб, одамлардан нолиб, арзимас ишлар учун йиғлайвериш инсон соғлиғи, феъл-атвори ёмонлашувига ва гуноҳга сабаб бўлади.

 

Машраббону АКМАЛ қизи,

ТИИ талабаси