Қуръони каримда: “Аллоҳ сизларни оналарингиз қо­рин­ларидан бирор нарсани билмайдиган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва қалбларни берди(Наҳл, 78), деб марҳамат қилинган. ­Кўз неъмати қиймати йўқ гавҳар бўл­гани учун ояти каримада шукр қилишингиз учун(Наҳл, 78), дейилмоқда. Демак, бу­ неъматга шукр қилиш во­жиб са­налади.

Кўз яратилиши Аллоҳ таоло қудрат сирларининг энг улуғи. Кўз ўз атрофида яратилган нарсаларнинг энг кичиги бўлишига қарамай, осмонлар ва ерлардаги барча махлуқотларни кўради. Шунингдек, у тананинг ойнаси, ажратувчи восита, ташқи оламга назар солувчи туйнукдир. Кўз билан шакллар, ҳажм ва ранглар ҳис этилади. Барча гўзалликлар кўз билан кўрилиб, тафаккур қилинади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ахир улар қуруқ ерга сув ҳайдаб, унинг воситасида уларнинг чорвалари ҳам, ўзлари ҳам ейдиган экинларни чиқаришимизни билмадиларми?! Ахир (буни) кўрмайдиларми?!” (Сажда, 27).

Кўз қалбнинг нуридир. Инсондан зарарларни ҳайдовчи асосий восита. У орқали кўп­дан-кўп илмий мўъжизалар ўрганилади. Аллоҳ таолонинг улуғлиги ва ягоналигига далил олинади.

Парвардигор кўзга “севимли” ва “ҳурматли” деб ном берди. Пайғамбаримиз  дедилар: “Аллоҳ азза ва жалла: «Бандамдан икки ҳурматлисини олсаму, у бунга сабр қилса ва чидаса, Мен унга жаннатдан ўзга савобга рози бўлмайман...” деб марҳамат қилди» (Имом Бухорий, Термизий). Бошқа ривоятда: “Бандамнинг икки севимлисини” дейилган. Шунинг учун банда бу неъматни қадрлаб, Аллоҳ таоло тоатида ишлатса, кўз энг улуғ неъматга айланади ва дунёю охиратда фойда келтиради. Аксинча бўлса, кўз сабаб дунёда ҳасратга, охиратда надоматга қолади. Ман этилган назар сабабидан қанчадан-қанча гуноҳлар содир этилади. Шу сабаб, мўминларга кўзларини сақлашлари учун илоҳий амр келди: “Кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар” (Нур, 30); “Кўзларини (но­маҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар” (Нур, 31). Шунингдек, бу одобнинг энг юксак чўққиси ҳамдир.

Расулуллоҳ  йўл устида ўтирган кишиларга, “кўзни тийиш” йўлнинг биринчи ҳақи эканини таълим берганлар (Имом Бухорий, Муслим). Жарир ибн Абдуллоҳ айтади: “Пайғамбаримиздан  бехосдан тушган назар ҳақида сўрадим. У зот  кўзимни буришимга буюрдилар” (Имом Муслим). Жунайддан  кўзни тийишда нимага суяниш ҳақида сўралди: У: “Сенинг қараётган назарингдан Аллоҳ таолонинг назари сенга тезроқ эканини билишга”, деб жавоб берди.

Вакиъ  айтади. Суфён Саврий  билан байрам куни кўчага чиқдик. У зот: “Бугун биринчи қиладиган ишимиз кўзни тийиш бўлади”, деди.

Кўзни Аллоҳ ман қилган нарсалардан ти­йишда кўп фойдалар бор. Масалан, Аллоҳ тао­ло буйруғини бажараётгани учун дунё ва охират саодатига эришади. Турли фикр, ўйлар билан чалғимайди. Зеҳни яхшиланади. Қалбни нурлатиб, илм олиш йўллари осонлашади. Шаҳвоний ғаразларни тўхтатади. Жаҳаннам эшикларини ёпади. Шайтонни қалбга киришдан ман этади. Ёмон ишлардан қайтариб, солиҳ амаллар қилишга ундайди. Қалб билан боғланиб, бир-бирига ойна бўлади.

 

Шаҳло БИЛОЛИДДИН қизи тайёрлади.