Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларидан бирида бундай деганлар:

"Жаброил (алайҳиссалом) менга қўни-қўшничилик ҳақида жуда кўп васият қилдилар, мен ҳатто қўшнилар яқинда меросхўр бўлиб қолармикан, деган ўйга бордим" (Имом Бухорий).

Динимизда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик, маҳалла-кўй ва ўзаро аҳилликка алоҳида эътибор берилади. Қўшнилар билан чиройли ва самимий муносабатда бўлиш, касал бўлганида ҳолидан хабар олиш, ҳақларига риоя этиш, уларнинг тўй-ҳашамларида хурсандчилигига шерик бўлиш ва мусибат етганида суянчиқ бўлиш чин мўминнинг вазифасидир.

Қўшничилик дин, миллат, ирқ танламайди, балки бош­қа дин вакилларига нисбатан ҳам бағрикенг бўлиш, уларга яхшилик қилиш, тансиқ таомлар пиширилганида улашиш ҳақида ҳадисларда ривоятлар келган. Улуғ саҳобаларнинг ҳаёт йўлларида бунга мисоллар жуда кўп.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида айтадилар: "Киши бахтли бўлганлигининг уч аломати бордир: файзли хонадони, солиҳа аёли ва яхши қўни-қўшнилари" (Табароний).

Ҳақиқатда ҳам уй-жой озода ва саришта, файзли бўлса, унда тинчлик ва осудалик ҳукм сурса, инсон қалби ҳузурга тўлади, кўзи қувнайди. Яна солиҳа, эрига итоаткор аёл хонадон файзидир. Қўни-қўшниларнинг яхшилиги ҳам инсонни бахт­ли ҳаёт кечириши учун муҳим сабаблардандир. Қўшнилар ўзаро аҳил бўлиб, яхши ишларни бир-бирларига раво кўрса, ҳамиша ҳолидан хабар олса, инсон кимгадир азиз ва яқинлигини ҳис қилади. Ўз вақтида қўшнига ҳам шу яхшиликларни қайтаради. Бунинг натижасида ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, ишонч, дўстлик ришталари янада зиёда ва мустаҳкам бўлади.

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):

"Аллоҳга қасам, мўмин эмас! Аллоҳга қасам, мўмин эмас! Аллоҳга қасам, мўмин эмас! – деганларида, саҳобалар: "Ким у, эй Аллоҳнинг расули?" – деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган киши", дедилар.

Албатта, қўшничилик ҳақи фақат қўшнига азият бермаслик эмас, балки ундан азият етганда сабр қилиш, олижаноблик билан яхшиликни биринчи бўлиб бошлаш ҳамдир. Қўшнига биринчи бўлиб салом бериш, хатосини кечириш, ҳовлисига мўраламаслик, деворига ёғоч қўйиб уни ранжитмаслик, ўз томи сувини унинг ҳовлисига йўлламаслик, ариғидаги сувини ифлос қилмаслик (мағзава оқизмаслик), агар қўшни йўқ бўлса, унинг оиласи юмушларида ёрдам бериш қўшнининг ҳақи ҳисобланади.

 

Мирзатилло АЛИХОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими ходими