Барча неъматнинг Аллоҳ тао­лодан эканини доимо ёдда тутиш гўзал фазилатдир.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: "Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч қачон овқатни ёмонламаганлар. Иштаҳалари тортса уни еганлар, истамасалар уни тарк этганлар" (Имом Бухорий).Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бирор овқатни бош­қасидан паст санамаганлар. Келтирилганда ейишни хоҳламасалар, узр айтганлар.

Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ): "Таомни шўр ёки тузсиз, қуюқ ёки суюқ, пишмаган каби сўзлар билан айб­лаш таомланиш одобига тўғри келмайди", деб айтган. Баъзилар яна: "Табиий егулик яратилиши жиҳатидан айбланмайди, чунки яратувчи Аллоҳдир. Таом тайёрлаганларни айблашнинг зарари йўқ", де­йишган. Ибн Баттол (раҳматуллоҳи алайҳ): "Бир киши бирор таомни ёқтирмаслиги мумкин, бошқа одам эса уни ёқтиради", дейди. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) таомни менсимасликнинг барча кўринишидан тийилганлари ҳақида айтилмоқда. Шунинг учун уламолар бирор таомни менсимай, уни паст санаш ёмон одат, дейишади.

Овқатни паст санаш Пай­ғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига хилоф бўлгани учун макруҳдир. Барча ҳалол, покиза таомларни айблашдан қайтарилади. Устоз, ота-она ёки соҳа мутахассиси фарзанди ёки шогирдига насиҳат ва таълим бериш учун таом тайёрлаш жараёнида содир этилган камчиликларни айтса бўлади.

 

 Адҳамжон АБДУЛАҲАД ўғли