Инсон саломатлиги асосан ейдиган таомлари ва овқатланиш одобларига риоя қилишига боғлиқ. Икки дунё саодатига бошловчи динимизнинг бу борадаги кўрсатмаларига амал қилсак, ўзимизни турли дард ва одатлардан сақлаймиз, иншааллоҳ.

Мўмин киши энг олдин еган-ичгани ҳалолдан бўлишига катта аҳамият бериши зарур. Ҳаром нарсалардан ўзини тийиши фарз.

Овқатланиш одобларини бундай тартиблаш мумкин: Таом ейишни “Бисмиллоҳ” билан бошлаш суннатдир. Умар ибн Салама (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қарамоғидаги бола эдим. Қўлим лаганда бориб-келар эди. Ўшанда у зот менга: “Эй болакай! Аллоҳнинг исмини айтиб, ўнг қўлинг билан, олдингдан егин!” дедилар. Шу-шу овқатни худди шундай ейдиган бўлдим» (Имом Бухорий ва Муслим).

Ким таомни ейишдан олдин “Бисмиллоҳ”ни айтишни унутса, овқатланиш пайтида қачон бўлса ҳам ёдига тушса, “Бисмиллоҳи аввалаҳу ва охираҳу”ни айтиши керак.

Юқорида зикр қилинган ҳадисда таомнинг одобларидан яна бири, ўнг қўл билан ейиш эканлиги айтилган. Чунки нопок нарсалар чап қўлда кетказилади.

Овқатдан олдин ва кейин қўл ювилади. Чунки инсон турли нарсаларни ушлаши мумкин. Ана шунда қўлга микроблар ёпишади. Шунингдек, таомдан кейин ҳам инсон қўлларида ёғ ва шунга ўхшаш овқат юқи қолади. Уларни ювиб ташланмаса, турли касалликлар келиб чиқиши мумкин. Энг муҳими, бу одобга риоя қилганлар ажр-савобга эришади, таомларида барака бўлади.

Таом ўтирган ҳолда ейилади. Чунки тик турганда инсон тўлиқ роҳат билан хотиржам ея олмайди. Шу билан бирга, унинг егани яхши фойда бермайди. Тик туриб еганда овқат тўкилиши, исроф бўлиши мумкин. Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тик туриб ичишдан қайтардилар, шунда: “Ейиш-чи?” дейилди. “У яна ҳам ашаддийроқ”, дедилар” (Имом Термизий ва Муслим).

Ёнбошлаб таом ейиш одобсизликдир. Шу билан бирга, овқатнинг ҳазм бўлиши ҳам қийинлашади.

Ҳар қандай неъмат учун доимо Аллоҳ таолога шукр қилишимиз керак. Агар уни ёмонласак, ношукрлик қилган бўламиз. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч бир таомни айблаган эмаслар. Агар иштаҳалари тортса, ердилар, кўнгиллари тусамаса, емас эдилар.

Таомни ўта тўйиб ейиш исроф ҳисобланади. Бу инсон соғлиғи учун кони зарар ҳамдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Еб-ичинг ва исроф қилманг, чунки У зот исроф қилгувчиларни севмас” (Аъроф, 31).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) овқатланганларидан сўнг оғзиларини чаярдилар. Мўмин киши доимо оғзининг пок юришига аҳамият бериши зарур. Чунки оғиз инсоннинг энг улуғ аъзоларидан ҳисобланиб, у билан Қуръон, ибодат, дуо, зикрлар қилинади. Шунинг учун, доимо тоза бўлиши, ундан ҳеч қандай бадбўй ҳид чиқмаслиги керак.

Овқатни еб бўлганидан сўнг Аллоҳга ҳамду сано айтиб, дуо қилинади.

Албатта, барчанинг ризқини бериб турган зот Аллоҳ таоло. Таомни соғ-саломат истеъмол қилишга қодир қилган Зотга доимо ҳамду сано айтиш банданинг бурчидир.

Таомдан сўнг ҳаётининг ва ризқнинг баракотли бўлишини Аллоҳдан сўраб, дуо қилинади.

Шундай қилсак, ҳаётимиз бундан-да файзли ва баракотли бўлади.

 

Илҳом ЭГАМҚУЛОВ,

Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби