Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур" (Зумар, 10).

Cабр имон калити, ёмонлик ва азоблардан халоc бўлишга ёрдам берадиган нажот йўлидир. У мард ва имони мустаҳкам кишилар фазилати.

Динимиз тарихига назар солайлик. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бошларига тинимсиз оғир синовлар келди. Чиройли сабр қилдилар. Ҳар ишга қодир Аллоҳ таоло мушрикларнинг жонини олиши, ўз набийини уларнинг зулмидан қутқариши мумкин эди. Бошқа кўп ҳикматлари Ўзига маълум, қолаверса, мусибатларга чиройли сабр қилишда бутун умматига Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юксак ибрат бўлишилари учун бундай қилмади. Ҳолбуки, Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даргоҳи илоҳийда севимли ва қадрли, дуолари муcтажоб эди. Лекин у зот ҳам Аллоҳдан мушкуллардан озод қилишни сўрамадилар. Балки сабрли бўлдилар, умматларини ҳам шунга чорладилар. Абу Саид Саъд ибн Молик ибн Синон ал-Худрийдан ривоят қилинади. Ансорийлар Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (нарсалар) сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга (сўраган нарсаларини) бердилар. Кейин яна сўрашди. Уларга (сўраган нарсаларини) бердилар. Ҳатто ҳузурларидаги бор нарса тугади. Ва: "Бирор яхши нарса бўлса, мен сизлардан дариғ тутмайман. Кимки (тамадан йироқ бўлиб) ўзини иффатли тутса, Аллоҳ уни офиятда қилади. Кимки ўзини ҳожатсиз қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилиб қўяди. Кимки бардошли бўлса, Аллоҳ уни ҳақиқий сабрли қилиб қўяди. Бирор кишига сабрдан кўра улуғ ва яхши нарса берилмайди", дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қабр олдида йиғлаётган бир аёлни кўриб: "Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил", дедилар. Шунда у аёл: "Нари тур, чунки сенга мендаги мусибат етмагандир ва уни билмайсан ҳам", деди. Шунда у аёлга: "Бу киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дирлар", деб айтилди. У аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дарвозаларига келди. Аёл: "Сизни танимабман (Эй Расулуллоҳ)", деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) "Ҳақиқий сабр мусибатнинг аввалги лаҳзасида билинади", дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Дарҳақиқат, инсон мусибат келганда дод-вой қилиб, вақт ўтганидан кейин, "майли, нима ҳам қилардим, сабр қиламан" дейиши сабр эмас. Зеро, илк лаҳзаларда унинг ажрини кутган ҳолда сабр қилиш савоблидир. Вақт ўтганидан кейингиси эса кўникиш ҳисобланади.

Абу Абдуллоҳ Ҳафиф сабр қилувчиларни уч тоифага ажратади:

-      Мутасаббир - зўрма-зўраки сабр қилувчи;

-      Собир - сабрли, сабрида содиқ кишилар;

-      Саббор - кўп сабрли инсонлар.

Бу тоифалар ичида энг мақбули сифатида "собир"лар алоҳида таъкидланади. Зеро, ҳар ишда ўртаҳоллик муслим учун фазилат саналади. Ана шу фазилатни ўзимизга касб қилишни Аллоҳ таоло насиб айласин!

 

Ҳилола УМАРАЛИЕВА,

Ҳадичаи Кубро ўрта-махсус Ислом билим юрти 3-курс талабаси