Момом доим бобомнинг кўзларига қараб турарди, - дейди қайнонам. - Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Юқори синфда ўқиб юрган кезларим. Бобом ҳам, момом ҳам қариб, мункиллаб қолишган. Сўрида ўтирган эдик. Бобом таҳорат олай, деб қўзғалди. Ёнида ўтирган момом чаққон туриб, у кишининг кавушини тўғрилади. Кейин обдаста кўтариб ошхонага юрди. Момомнинг ортидан уйдаги икки келин, яна икки набира баравар югурдик. Мен бориб тергаган бўлдим: "Нега бизга айтмайсиз, шунча ёшлар турибди-ку!"

Момом ўзига ярашадиган мунис табассум билан деди: "Бобонгга хизмат қилиб савоб топаман, бирортангизга айтгунимча ҳам вақт ўтади. Эрни, ҳар қандай ишда бўлсин, маҳтал қилиш яхшимас! Чунки эр розилиги хотиннинг жаннатга киришига васила бўлади".

Бу, аслида, бутун ўзбек аёлларига хос тутум. Лекин, афсус, баъзи оилаларда қуйидагига ўхшаш ҳолатлар ҳам бўлиб туради:

- Бир гап айтсанг, хотин деган "хўп" деса-да! - норози бўлади эр.

- Ҳадеб ўзингизни маъқуллайсиз, мен ҳам одамман! - жим турмайди аёл.

Бундай баҳслашув, кўнгилсизликларнинг сабаби аёл ва эркакнинг ўз ўрнини билмаганидан. Эркакнинг оила бошлиғи сифатида қоим турувчилигини Аллоҳ таоло белгилаб берганини ҳис этган аёл итоати билан ажр топишини, хонадони роҳат, фароғат масканига айланишини яхши тушунади. Эр ҳам ҳазрат Умардек (розияллоҳу анҳу) аёлим менинг хизматчим, мол-мулким қўриқчиси, озорига сабр этишим керак, деб қараса, дилхираликнинг олди олинади. Биз эса, афсуски, Аллоҳ таоло белгилаб берган чегаралар қолиб, дунёвий меъёрлардан ўлчов ола бошлаймиз.

Ғарбдан ўрнак олган аёл оилада тенгҳуқуқлиликни кўзлайди: "Мен овқат қилсам, у идиш ювсин! Болага бир кун мен қарасам, бир кун у қарасин!" Бундай талаблар асосига қурилган оилада қайдан ҳаловат бўлсин!

Динимиз аёлни эрга итоат этишга чақиради. Эрининг рухсатисиз кўчага чиққан хотин то қайтиб келгунича Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлиши ҳадисларда айтилган. Шунга кўра, оқила аёл оиланинг мустаҳкамлигини таъминлаш билан бирга, эрини мамнун қилади, ҳурматини қозонади ва савобга эришади.

... Эркак киши кўчадан жаҳлланиб қайтади. Бундай пайтда унинг кўзига ҳамма нарса хунук кўриниши мумкин.

- Нега уй йиғиштирилмаган?! - дейди арзимаган баҳона топиб.

- Ҳамма нарса жойида кўзингизни каттароқ очинг, - дейиш оловга мой қуйиш билан баробар. Аммо бошқача йўл тутиб, "Ҳозир йиғиштириб оламан", дейилса, олам гулистон бўлиб кетмаса ҳам, жанжалнинг олди олинади. "Қорнингиз очгандир", дея билдирилган меҳрдан кейин эса эрнинг қалби ҳам юмшай бошлайди.

Яна бир ҳолат. Аёл бирор жойга бормоқчи. Эр рухсат бермади. Агар эр хотинини турли гуноҳлардан, балою қазолардан асраш учун йўқ деган бўлса, нур устига нур. Аммо ўз манфаатлари ва хотиржамлиги учун бу қарорга келган бўлса ҳам, аёл ҳеч нарса ютқазмайди. Итоати билан ҳам ўзини гуноҳдан, ҳам оиласини нотинчликдан сақлаган бўлади.

Аксарият ҳолларда узоқ тортишувлардан кейингина аёл "ён беради". "Йўқ", деган жавобдан кейин суҳбат тахминан бундай давом этади:

- Нима қилибди борсам?

- Бормайсан!

- Ҳамма ўртоқларим боряпти. Ўзингиз ҳам тинмай чойхонама-чойхона юрасиз. Мен ҳам бораман!

Эр сабрли бўлса-ку, оталик масъулияти билан оналик масъулияти орасидаги фарқни атрофлича тушунтирар. Аммо акси бўлса-чи? Фиғони фалакка чиқиб, навбатдаги қўполгина жавобни қайтаради ёки... Аёл ақл билан иш тутганида эса манзара ўзгачароқ бўлади. Айтайлик, аёл ҳам рад жавобини табиий, хотиржамлик билан қабул қилади:

- Ҳай, майли, жуда боргим келганди-да!

Бу итоаткорлик ҳар қандай тош қалбни ҳам эритади. Бугун рухсат тегмаса ҳам, кейинги тадбирга "чипта олиши" мумкин:

- Ҳозир пул камроқ, бунинг устига болалар ёлғиз. Кейинги гал борарсан.

Ақлли аёл бу "имтиёздан" унумли фойдаланади. Майин жилмайиб: "Раҳмат, дадаси", дейди. Бу бояги чиптага "Ҳақиқий!" деб қўйилган муҳрдек гап. Шу иш билан аёл "хотиним яхши-да", деган олқовни олади. Балки эркак буни овоз чиқариб айтмас, лекин хотинига бир одим яқинлашади, ҳурмати бир поғона кўтарилди.

Эрга итоат қилиш билан аёл фақат савобга ва хотиржамликка эришади.

 

Нигора МИРЗАЕВА