Кунлар, ойлар, йиллар айланаверар экан. Яқиндагина Рамазон билан хайрлашган эдик. Мана, бугун у яна остонамизда. Нафл ибодатлар ҳам фарз қаторида кўриладиган, риёдан ҳоли, хайри, ажри мўл ғанимат дамларга оз қолди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” (Бақара, 183–184).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ташрифи ҳақида марҳамат қилиб: “Ким Рамазон ойи кириб келишидан хурсанд бўлса, жаҳаннам ўти унга ҳаром қилинади. Чунки бу ойда жаннат эшиклари очилади. Жаҳаннам эшиклари эса беркитилади, шайтонлар кишанланади”, деганлар. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Одам боласининг ҳамма амали бир неча баробар оширилади: битта яхшилик ўн баробардан етти юз баробаргача оширилади. Аллоҳ таоло: “Рўза ундай эмас. Рўза Мен учундир. Ўзим унинг мукофотини бераман. Зеро, Одам боласи шаҳвати ва овқатини Мен учун тарк қилади” деган», деб марҳамат қилганлар.

Рўза банданинг тақвосини кучайтирадиган омиллардан биридир. У инсонни улуғ мартабага кўтаради. Рўза фақат ейиш-ичишдан тийилишгина эмас, маънавий ибодат ҳамдир. Уламоларимиз рўза тутувчиларни уч қисмга бўлишади:

1. Омманинг рўзаси. Фақат ейиш, ичиш ва жимодан тийилиш.

2. Солиҳларнинг рўзаси. Кунда еб-ичишдан тийилишдан ташқари, бошқа барча аъзолар ҳам гуноҳ ишлардан сақланади. Бундай рўза беш амални давомий бажариш билан камолга етади:

– шариат қайтарган барча нарсалардан кўзни тийиш;

– тилни ғийбатдан, ёлғондан, чақимчиликдан, ёлғон қасамдан сақлаш;

– ёмон гап-сўзларга қулоқ тутмаслик;

– барча аъзоларни ёмон ишлардан тийиш, шубҳали емаклардан парҳез қилиш.

– ифтор вақтида ҳаддан зиёд тўйиб кетмаслик. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ортиқча тўйган қорин ҳам Аллоҳнинг ғазабини келтиришини айтганлар.

3. Пайғамбарлар ва сиддиқларнинг рўзаси. Бунда юқорида айтилганлар билан бирга бутун вужуд, қалб ҳам рўза тутади, ҳатто фикр, дил рўзадор бўлади.

Аллоҳ таоло қудсий ҳадисда айтади: “Кимда-ким Мен ҳаром қилган нарсалардан аъзоларини тиймаса, менинг учун рўза тутиб, таомдан ва ичимликдан тийилишига ҳожат йўқ”. Ёмон ишлардан ва ҳаром луқмадан тийилмасдан туриб, тутилган рўзада хайр ҳам, савоб ҳам бўлмайди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Қанчадан-қанча рўзадорлар оч ва чанқоқ қолдилар”, деб марҳамат қилганлар. Яъни, фақат очиққанлари, чанқаганлари қолди. Гуноҳлардан тийилмаганлари боис ҳеч бир савоб ололмадилар.

Демак, рамазон ойида бутун вужуд билан бирга қалб ҳам рўза тутади. Ҳатто ўй-фикри, кўнгли рўзадор бўлади.

Тилагимиз фазилатларга бой рамазон ойини чинакам мусулмонга хос тақво ҳамда хурсандчилик билан ўтказайлик. Умид ва ихлос ила тутган рўзаларимизни Аллоҳ таоло даргоҳида қабул этишини сўраб қоламиз.

Хайрулло ТОҒАЕВ,

“Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби