ҚЎЛИНГИЗДАН КИТОБ ТУШМАСИН

Мутолаа – бола тарбиясининг энг муҳим бўлаги. Фарзанд келажакда қандай касб эгаллаши, ҳаётда муваффақият қозониши бевосита китоб ўқиши билан ҳам боғлиқлигини олимлар исботлашди. Оксфорд университети профессори Марк Тейлор илмий изланишлари натижаларидан келиб чиқиб таъкидлашича, ўсмирлик даврида бошини китобдан кўтармаган болалар келажакда катта ишларнинг уддасидан чиқишаркан. Унга 17200 нафар ўттиз ёшлилар ўн олти ёшида нималарга қизиққани, севимли машғулоти ҳақида сўровномада жавоб беришган. Маълум бўлишича, ёшликда мутолаани ҳар нарсадан афзал билган бола кўп нарсага эришар экан. Спорт билан шуғулланиш, тенгқурлари билан ўйнаш, табиатда ҳордиқ чиқариш, музей, театрлардан баҳра олиш – бариси ўз йўлига, уларнинг бирортаси мутолаанинг ўрнини босмайди. Гап шундаки, юқоридаги машғулотларнинг ҳеч бири мияни ўқиш каби ривожлантирмас экан. Ўқиш жараёнида уқилади, маълумот эслаб қолинади, таассурот пайдо бўлади ва бойийди. Бу пайтда миянинг ҳамма қисмлари ишлайди, онг келгусида турли муаммоларга ечим топишда қийналмайди, ҳозиржавоб бўлади. Аммо ўқишни хушламайдиган болаларнинг ота-оналари хуноб бўлмасликлари керак. Чунки бу ҳолат бевосита интеллектуал ривожланиш даражаси билан боғлиқ. Одатда бола қийналадиган ишни қилгиси келмайди. Яхшиси, қизиқарли ҳикояни катталар бошлаб берсалар, давомини уларнинг ўзлари ўқишади. Муҳими, уйингиздан китоб аримасин, қўлингиздан китоб тушмасин.

 

СЎРАБ ЎРГАНГАН ОЛИМ

Болалик “Нега?”, “Нима учун?”, “Қандай қилиб?” саволларисиз ўтмайди. Демак, улар атрофидаги нарсалар, воқеа-ҳодисалар сабабини билишга жуда қизиқади. Бу одат тўрт ёшларгача давом этади. Агар ота-она жавоб беришни истамаса, ўзини олиб қочса, энг ёмони, дакки билан қўполлик қилса, саволни эшитмаса, бола сўрамай қўяди. Катталар асло бундай қимаслиги керак. Зеро, “сўрамаган ўзига золим”. Саволлар тўғри савол беришни, тўғри савол эса жавоб топишни осонлаштиради.

Айрим жаҳлдор ўқитувчилар ўқувчиларни “фаҳм-фаросатсиз, ҳатто тўғри савол беришни билмайдиган”га чиқариб қўяди. Уларнинг дарсларида жимлик ҳукм суради. Бундай ҳолатда дарс бериш ўқитувчига қулай бўлиши мумкин, аммо ёшларнинг фанга қизиқиши пасайиб кетади.

Ота-она фарзандининг билишга қизиқишидан қувониб, уни савол беришдан бездирмаслиги керак. Бола бунга тўла ҳақлидир. Уни ўйлантирган жумбоқларга калит топиш фақат ўқитувчилар эмас, балки энг олдин ота-онанинг вазифасидир.

Гулгун УСМОНОВА тайёрлади.