Изн сўраш борасида Қуръони каримда бундай дейилади: “Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз” (Нур, 27). Бу ояти каримага амал қилиш билан хонадонларнинг ҳурмати сақланади, инсонлар орасида ҳар хил ноқулай, ноҳуш вазиятлар келиб чиқмайди.

Уламои киромлар ояти каримадан келиб чиққан ҳолда изн сўрашнинг қуйидаги одобларини ишлаб чиққанлар:

* Муносиб вақтни танлаш. Айтайлик, кечаси одамлар ухлайдиган пайтда, тонгда жуда эрта ёки туш чоғидаги ҳордиқ дамларида одамлар ўзларини безовта қилишларини истамайдилар.

* Эшикни уч марта тақиллатиш. Чунки хонадон аҳли биринчи тақиллатишда эшитади, иккинчисида тайёрланади, учинчисида эса изн беради ёки аксинча. Агар изн берилмаса, қайтиш лозим бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Сизлардан бирингиз уч марта изн сўраса ва унга изн берилмаса, қайтсин” (Имом Бухорий ривояти). Эшик тақиллатиш каби қўнғироқни ҳам уч мартадан ортиқ чалмаслик керак.

* Эшикни мулойимлик билан тақиллатиш. Чунки хонадон аҳли чўчиб тушмасин, қўрқиб кетмасин. Ҳатто хонадон эгаси ҳам эшикни қаттиқ тақиллатиши мумкин эмас. Чунки ичкаридагилар бундан бирор кўнгилсиз воқеа юз берган, деган фикрга келиб қолиши мумкин. Улуғларимиз эшикни бармоқ ёки тирноқ билан тақиллатишни одат қилганлар.

* Ҳар бир эшик тақиллатиш орасида маълум муддат кутиб туриш лозим. Токи хонадон аҳли тайёргарлик кўришга, номаҳрамдан четланишга ва эшикни очишга улгурсин.

* Изн сўраган киши эшикнинг чап ёки ўнг тарафида туриши керак. Акс ҳолда эшик очилганида ичкаридаги кўриш мумкин бўлмаган ҳолатларга кўзи тушиб қолиши мумкин. Бунинг оқибатида инсонлар азият чекади.

* Эшик тақиллаганида, хонадон аҳли “Ким?” деб сўраса, суннатга мувофиқ келувчи “Мен!” демасдан, исмини тўлиқ айтиб ўзини танитиши керак.

* Изн сўраган пайтда хонадон аҳлининг очиқ-сочиқ ва ноқулай ҳолатини кўрмаслик учун кўзни тийиш керак. Изн сўраш ҳам аслида ноқулай ҳолатларни кўриб қолишдан сақланиш учун жорий қилинган.

* Агар сўровчига жавоб берилмаса ёки “қайтинг” дейилса, ёхуд уйда ҳеч ким бўлмаса, у қайтиб кетиши лозим бўлади. Чунки Қуръони каримда шунга чақирилади: “Бас, агар у (уй) ларда ҳеч кимни топмасангиз, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз! Агар сизларга «қайтингиз!» дейилса, қайтиб кетаверингиз! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир” (Нур, 28).

* Агар хонадон эгаси изн сўровчига пешвоз чиқолмаслигини айтиб узр сўраса, қабул қилиш лозим. Чунки у ҳеч кимни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлиши мукин. Шунингдек, хонадон аҳли баъзида узр сабабини айта олмаслиги мумкин. Изн сўровчи: “Хижолат бўлманг, балки бирор иш билан машғулдирсиз”, деб хонадон аҳлини хижолатдан чиқарса, янада яхши.

* Изн сўровчи ичкарига кириш учун хонадон аҳлининг рухсатини кутиши керак. Ёш боланинг сўзи эътиборга олинмайди. Чунки у катталардан бесўроқ киришга изн берган бўлиши мумкин. Натижада ноқулай ҳолатлар келиб чиқиши мумкин. Агар уйда ёлғиз аёл ёки ёлғиз эркак бўлса, изн бериш сўровчининг маҳрам ёки номаҳрамлигига қараб бўлади.

* Чақириб келувчи киши билан бирга киравериш. Агар биров ўз уйига таклиф қилса, у билан бирга хонадонга кириб борса бўлади.

* Инсон ўз аҳлининг олдига киришдан аввал ҳам изн сўраши керак. Уйнинг ичида онаси ёки опа-синглиси кўринишни истамайдиган ҳолатда ҳам бўлади. Ўз завжининг олдига изн сўрамай кириши мумкин, лекин изн сўраб кирса яхши. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ўз аёлининг олдига киришдан олдин ҳам томоқ қирар эди.

Қоидалар фақат инсонларнинг хонадонларига киришга тааллуқли. Меҳмонхона, ошхона каби жамоат жойларига рухсат сўрамай кириш мумкин. Нур сурасида бундай дейилади: “(Хусусий) маскан бўлмаган (меҳмонхона, карвонсарой каби) сизлар фойдаланадиган уйларга (изн сўрамасдан) киришингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ ошкор қилаётган нарсангизни ҳам, яшираётган нарсангизни ҳам билур” (Нур, 29).

 

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ,

«Кўкалдош» Ислом ўрта махсус билим юрти мударриси