Бахт, ҳузур-ҳаловат ҳақида ҳар кимнинг ўз фикри бор. Кўркам, энг замонавий жиҳозларга тўла уйда яшаш, чет элнинг қимматбаҳо уловларини миниб, яхши кийимлар кийиш, истаган нарсасига етиш ҳаёт лаззати деб ўйлайди баъзилар. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

Биз кўпинча зоҳирга қараб баҳо берамиз. Кейин кўриб турганимизнинг ички тарафига синчковлик билан қарасак, янглишганимизни тушунамиз. Бир боқишда, яшашимиз учун керакли бўлган ҳамма шароит муҳайё, бироқ ҳаёт зерикарлидай. Чунки санаб ўтилган нарсалар қаторида энг муҳими – қаноат ва шукроналик йўқ. Булар бўлмагач, ҳаёт тарзимиз қандайлигидан қатъи назар, кўнглимиз таскин топмайди, ҳаловат қўрғонимизга сабрсизлик, ношукрлик таҳдид қилаверади.

Қаноат – олий неъмат. Қаноатли инсоннинг қалби осойишта. Кимдир миллион-миллион пулини яна ҳам кўпайтириш ташвишида тинч ухлолмайди, бойлиги қўлидан кетиб қолишидан хавфда юради. Бойликни деб хотиржамлигини бой берган. Эрталаб шошиб машинасига чиқади-ю, зарур ишни ёки ниманидир унутгани ёдига тушади. Тонгданоқ кайфияти бузилади.

Яна шундай инсонлар ҳам бор, кийимларида ортиқча ҳашам йўқ, дастурхони жуда тўкин-сочин эмас, узоғини жамоат транспортлари яқин қилади, уй-жойи ҳам кўз-кўз қилиб мақтанадиган эмас. Аммо сокин кўнглида ҳаётдан мамнунлик бор. Бир талай муаммолари бўлса ҳам, юрагини ғашламайди. Трамвайнинг чайқалиб, секин ҳаракат қилишидан бетоқат бўлмайди, режалаб қўйган ишларининг ортга сурилиб кетишидан хавотирга тушмайди. Шошмайди, нималарнидир унутиб жиғибийрони чиқмайди. Ойлик маошлари бир-бирининг юзини кўрмайди, баъзида қарз олишига ҳам тўғри келади. Аммо кечаси тинч ухлайди, тақдиридан мамнун ҳолда уйғонади. Болаларининг ғала-ғовуридан роҳат топади, уларнинг шўхликларидан юраги завққа тўлади. Барчаси учун шукр айтиб, яхши ниятларга етиш учун ишларини давом эттиради...

Зеро, ҳаёт лаззати истаган ҳамма нарсанг муҳайё бўлишида эмас, борига розилик ва шукр айта билишда.

 

Муҳаммадсобир АБДУМАЛИКОВ