Кўчадан келган хотиним куйиниб гап бошлади: – Катта кўчада кетаётгандим. Бутун борлиқ ям-яшил, гуллар очилган. Иморатлар чиройли. Юрган сайин кайфиятинг кўтарилади. Шу пайт бир ҳовлидан челак кўтарган аёл чиқди. Кийимлари ярашимли, майда-майда қадам ташлаб юришидан бўлса керак, келинчак деб ўйладим. Челакни кўтарганича суви шарқираб оқаётган ариқ томон юра бошлади. Дилимдан яхши хаёллар ўтди: “Ҳозир кўчага сув сепиб, озодагина қилиб супуриб қўяди! Худойим, менга ҳам шунақа одобли, гўзал, озода, андишали келин насиб қилгин!”

Ўғлимни уйлантириш истагида бўлганим учун дарров шунақа ният ўтди дилимдан.

Бироқ келинчакнинг кейинги ҳаракатлари мени ерга тақа-тақ михлади: у челакдаги нарсани оқар сувга шалоплатиб ағдарди-да, орқасига қайтиб кетди.

Ҳавасимни келтирган келинчакдан ранжидим...”

Шу ўринда айтиб ўтишни истардим, бу одобсизликда ҳамма айбни ёш келинга юклаб бўлмайди. Чунки у ўрнакни биздан, ёши катталардан олади. Ёшларга, хусусан, қизларга чиройли тарбия бериш ота-онанинг, ёши улуғларнинг вазифаси. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Кимнинг битта қизи бўлиб, унга чиройли одоб берса, Аллоҳ берган неъматлардан уни ҳам баҳраманд қилса, номаи аъмоли ўнг тарафдан берилишига ва дўзахдан осон қутулиб жаннатга доҳил бўлишига сабаб бўлади” (Имом Термизий ривояти).

Демак, биз катталар фарзандларимизнинг тарбиясига эътиборли бўлиб, маънавиятли, маърифатли, баркамол инсон қилиб тарбиялашимиз лозим. Чунки эртанги кун эгалари, келажак авлод улардан таълим-тарбия олади.

 

Х. АБДУЛЛАЕВ