Ёш болангиз ўртоғини орқасидан ёмонласа, нима дейсиз? Бу феъл-атвор унга нима беради?

Бола ғийбатни қаерда ўргана қолдийкин? Агар оила аъзоларида яқин кишиларнинг орқасидан лой чаплаш, орқаваротдан ғийбат қилиб, юзма-юз келганда илжайиш одати бўлса, бола ҳам бу кўникмани тез ўзлаштиради. Бу иллат туфайли оилада ўзаро ишончга дарз кетиб, муносабатлар юзакилашади, аҳилликка путур етади.

Фарзандингизни ғийбатдан асрамоқчи бўлсангиз, ким қандай хато қилишидан қатъи назар, унинг орқасидан гапирманг. Самимийлик ва тўғрисўзлик йўқолган жойда одамлар иккиюзламачиликни касб қилади. Катталар кимнидир олдида суйиб, орқасидан тош отишса, бола ҳам гумонсираб, ўзига бўлган ғамхўрлик чинлигидан ҳам шубҳаланади. Оқибатда ота-онаси, атрофдагиларга ишонмайдиган, одамови бўлиб қолади, ўсмирлик даврида руҳий изтироблари янада чуқурлашади.

Табиатан самимий ва соддадил болалар ғийбатдан эсанкираб қолишади: “Кимга ишониш керак? Онаси ё отасига орқаваротдан бўлган гапларни айтиш керакми? Қандай қилса тўғри бўлади?”

Бола кичиклигидан бошқаларга салбий баҳо беришга, иккиюзламачиликка ўрганмасин десангиз, унинг олдида бировни осмонга кўтариб мақтаманг ёки асинча, ерга уриб камситманг. Муаммоли вазиятлар тўғрисида одамлар билан юзма-юз гаплашиб, холис муносабатларни сақлаб қолишда болангизга намуна бўлинг. Акс ҳолда бола кейинчалик ҳам ғийбатчилик, чақимчилик билан сизни уялтириб қўйиши мумкин.

Агар бола кўча-кўйда, боғчада ғийбатга илк бор тўқнаш келса, у тўғри йўл тутиши учун ота-онанинг ёрдами керак. Фарзандингиз куйиб-пишиб ўртоқлари, уларнинг гап-сўзлари ҳақида тушунтираётганида, қўл силтаб бепарволик қилманг. Одамлар ҳақида хулоса чиқаришга шошилмасликни тушунтиринг. Светофордан тўғри фойдаланиш бахтсиз ҳодисалар олдини олгани каби, ғийбатни четлаб ўтиш ва уни бартараф этиш ҳам тинчлик, меҳр-оқибатни сақлайди.

 

Гулгун УСМОНОВА тайёрлади.