Ҳаётимизни савол-жавобларсиз тасаввур қила олмаймиз. Вақтни, бирор манзилни, бозордаги нарх-навони, ҳеч бўлмаганда яқинлар, таниш-билишлар ҳол-аҳволини сўраш кундалик одатий эҳтиёждир. Бундан ташқари, зарур масалаларни биладиганлардан сўраб ўрганишга ҳаракат қилиш, бунинг учун чиройли савол бериш ҳам ярим илмдир.

Наввас ибн Самъон Калбий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Мадинада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга бир йил турдим. Масала ўрганиш мақсадида кетишни истамасдим. Чунки биронтамиз кўчиб кетадиган бўлсак, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нарсалар ҳақида сўролмай қолардик...” (Имом Муслим ривояти).

Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Бу саҳоба (Наввас ибн Самъон Калбий) ўз юртига кетмасдан Мадинада меҳмондек яшарди. Уни ватанига қайтишдан дин амалларида билмаган нарсаларини сўраб ўрганишга бўлган кучли рағбат ушлаб турарди”.

Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга савол-жавоб тарзида кўплаб шаръий ҳукмлардан таълим берганлар. Саҳобалар дин ишларини Расулуллоҳдан (алайҳиссалом) ўрганишни жуда-жуда исташса-да, у зотни қийнаб қўйишдан чўчиб, савол беришга иккиланиб туришган. Улар бирон аъробий (саҳрода яшовчи араб) келиб, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) савол билан мурожаат қилишига мунтазир бўлишган.

Анас (розияллоҳу анҳу) айтади: “Саҳройи оқил киши келиб, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) савол бериши бизни ҳайрон қолдирарди” (Имом Аҳмад «Муснад» ларида ривоят қилган).

Риё (ўзини кўрсатиб қўйиш), тортишиш ва қайсарлик учун, шунингдек, фойдасиз нарсалар ҳақида савол берилмайди. Савол беришнинг ҳукмлари ҳақида чуқур тадқиқот олиб борган Имом Шотибий (раҳимаҳуллоҳу таоло) айтади: “Билмаган нарсасини сўраган кишига мутлақ, бир оғиз сўз билан жавоб берилмайди. Балки жавоб батафсил, аниқ ва тўлиқ бўлиши зарур. Аммо савол берувчи жавобни кўтара олмайдиган ёки чуқур кетиб қолиш хавфи бўлса ёхуд саволлар чалкаштирадиган, яъни илмоқли бўлса, унга жавоб бериш жоиз эмас” (“Китобул мувафақот” асари 4/311–312 саҳифалари).

Савол берувчи аввало кимдан нимани сўрашни билиши ҳам керак. Дуч келган одамдан маълумот сўралавермайди. Аллоҳ таоло: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Наҳл, 43) дея марҳамат қилган.

Устозлар, ёши катта одамлар, олимлару имомлардан кимдир ўзини қийнаб келаётган муаммосининг ечими ҳақида сўраса, бошқа биров уларнинг билимини синаб кўриш, ҳаттоки, ўзининг кимлигини бир кўрсатиб қўйиш учун, баъзилар шунчаки эрмак учун ҳам савол бераверади. Агар «билмайман» деган жавоб олса, жамоат олдида у инсонни билимсизликда айблашгача борадиганлар ҳам, афсус, топилади. Ҳолбуки, киши билмаган нарсасини тан олиши илмнинг ярмидир, дейилган.

Одилбек ХОЛМУРОДОВ,

Тошкент шаҳар Миробод тумани бош имом-хатиби