«Бирор нарса ҳақида: “Мен, албатта, эртага шуни қилувчиман”, дея кўрманг! Илло, “Иншоаллоҳ, (Аллоҳ хоҳласа)” (денг. Бу сўзни) унутган вақтингизда (ёдингизга келиши билан) Раббингизни зикр қилинг (яъни “иншоаллоҳ”, денг) ва: “Шояд, Раббим мени бундан ҳам яқинроқ Тўғри йўлга ҳидоят этса”, денг!» (Каҳф, 23–24).

Бу икки оят нозил бўлишининг сабаби бундай: Ривоятларга қараганда, бир гуруҳ яҳудий диндорлари келиб, Муҳаммаддан (алайҳиссалом) имтиҳон учун "Руҳ, Ғор воқеаси ва Зулқарнайн" ҳақида сўрашган. У зот: "Жавобини сизларга эртага айтаман", деганлар, лекин "Иншоаллоҳ" демаганлари учун Аллоҳ таоло ул зотга ваҳий келишини бир неча кун тўхтатиб қўйган. Саволларга кечроқ, ваҳий тушгандан кейин жавоб қилганлар. Бу икки ояти карима бизга шаръий одоблардан бирининг таълимини бермоқда. Яъни, банда “иншоаллоҳ”, демай туриб, бирор нарса ҳақида “эртага қиламан”, демаслиги керак. Чунки Ислом эътиқоди бўйича бандалар бажарадиган барча ишлар ёлғиз Аллоҳ таолонинг иродаси билангина амалга ошади. Шундай экан, инсон бирор ишни қилишга қасд қилса, ўзини ҳам, қилинадиган ишларнинг ҳам яратгувчиси, ғайб илмидан хабардор бўлган, келажакда нималар вужудга келиш-келмаслигини яхши биладиган Зот – Аллоҳ таолонинг хоҳишига ҳавола қилиб, “иншоаллоҳ, қиламан” ёки “иншоаллоҳ, бўлади”, деб гапирмоғи лозим. Агар бу сўзни унутган бўлса, кейин бўлса-да, айтиб қўйсин.

Аслида, шариат йўли шундай. Таассуфки, ҳаётда “иншоаллоҳ” ёки унинг муқобили бўлган “Худо хоҳласа” сўзларини вазиятдан осон чиқиш ёки алдаш учун, бирор ишни ортга суриш ёки бировга ёлғон умид бериш учун ҳам қўллаяпмиз.

Мисол учун, “Худо хоҳласа, эртага эрталаб соат 9 да кўришамиз”, деб, ишонтирган одамдан соат кечки тўққизга бонг урса ҳамки дарак йўқ. Гўё “Иншоаллоҳ” дейилгач, ваъдани бажармаса ҳам бўлаверадигандек!

Афсус шундаки, бу сўзни қўшиб ваъда берганларнинг, келишганларнинг кўпчилиги ўз аҳдини бажариш учун ақалли ҳаракат ҳам қилиб кўрмаган бўладилар ва “Худо хоҳламаган экан, бўлмади!” деб ўзларига таскин берадилар. Тафаккур қилиб кўрсак, бу сўзлардан салбий маънода фойдаланиш Қуръон оятларига зид. Биз кимни алдаяпмиз?! Гўёки Аллоҳ таоло бизга муваффақиятсизликни ирода қилгандек.

Аслида эса ўзимиз бу сўзнинг аҳамиятини, моҳиятини англамаган бўламиз. “Иншоаллоҳ” деб ваъда бердикми, биздан лозим бўладигани ўша ишни бажаришга сидқидилдан, жонни койитиб ҳаракат қилиш.

Инсон бирор ишга “иншоаллоҳ” дейишдан олдин ўша ниятни амалга оширишга ўзи қатъий ишонган ва қасд қилган бўлиши лозим. Лекин ихтиёридан ташқари бўлган бирор тўсиқ чиқиб қолиши мумкинлигини ҳис қилиб, “иншоаллоҳ” дейиши керак.

Демак, ҳаётимизни Яратган Зотнинг хоҳишига кўра интизомга солиш зиммамиздаги бурчдир. Агар “иншоаллоҳ” дегандан сўнг Аллоҳ таолога таваккал қилиб ҳаракат қилсак, натижалар ҳаракатларимизга тескари бўлмаслигидан умидимиз бор.

Хулоса шуки, мусулмон киши ҳар бир ишни бажаришга, аввало, “иншоаллоҳ” ёки “Худо хоҳласа”, деб ваъда берсин ва шунга биноан ўзи ҳам ҳаракат қилсин. Агар ўзи ҳаракат қилмаса, у ваъдасига хилоф қилувчи ва ёлғончи бўлади. Натижада Аллоҳ таолонинг ва халқнинг назаридан қолади. Бундай ёмон оқибатдан Аллоҳ асрасин!

 

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ,

“Кўкалдош” Ислом ўрта махсус билим юрти мударриси