Ҳадя – инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибатнинг чиройли кўриниши. Зеро, бунда аҳамиятли жиҳат моддият эмас, эътибордир. Бу ҳақда Набий (алайҳиссалом): “Ўзаро ҳадялашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”, деб тавсия берганлар.

Азалдан бир-бирига ҳадя бериш қадриятларимизнинг олмос қирраларидан бўлган. Айниқса, улуғларимизнинг ҳадя­лари нафақат буюм, балки маънавий хазина даражасига кўтарилган. Бу ҳадялар кўпинча китоб кўринишида намоён бўлади. Давлатлараро муносабатларни яхшилашда ҳам нодир китоблар алоҳида ўрин тутган, элчилар орқали китоб ҳадя этилган ва қабул қилинган. Шу билан бирга, қадимги қўлёзма китоблар муқовасининг қирғоқларига настаълиқ хатида номалар, ҳадя олувчига панд-насиҳатлар, ҳикматлар, байт ва чистонлар битилган. Шунга кўра, бизгача етиб келган ноёб китоблар авлоддан-авлодга узатилган ҳадялардир, десак тўғри бўлади.

Халқимизнинг ҳадя борасидаги мумтозлигига қойил қолмай илож йўқ. Масалан, момоларимиз ўз қўллари билан тайёрлаган қийиқ, рўмоллар четига энг яхши тилакларини кашта билан “битиб”, хос қутиларга жойлаб, эгасига етказишган. Боболаримиз патнис, лаган каби турли рўзғор буюмларига хаттотлик санъати ёрдамида битикларни муҳрлаб тортиқ этганлар. Шу йўсинда меҳр-оқибат ришталари мус­таҳкамланган. Ҳадялар кўзларни қувонтириб, кўнгилларга қувонч олиб кирган ва улар кўз қорачиғидек асралган. Турли шубҳа-гумонлардан, ширкдан холи равишда эъзозланган.

Бу одат халқ ҳунармандчилиги соҳалари ривожига ҳам катта туртки бўлган. Қўли гул аждодларимиз ўз ҳунарлари намуналарини совға сифатида яқинларига тақдим этганлар. Ҳадянинг эҳсон сифатидаги кўриниши ҳам жуда гўзал ва бетакрордир. Ҳунармандлар ясаган буюмларини зиёратгоҳ, меҳмонхона, карвонсаройларга ҳадя қилганлар ва улардан халқ фойдаланган. Ҳайит, байрамларда кўнгли ўксикларга совғалар улашилган. Шукр, бу анъана ҳозиргача давом этиб келмоқда.

Ҳадялашишнинг оиладаги ўрни ҳам қиёссиз. Муборак кунларда хонадон соҳибасига берилган совға унинг руҳиятини кўтаради, оилага ва унинг аъзоларига меҳр-муҳаббатини оширади, қалбида эзгу тилак­ларни уйғотади. Бу ҳолатни зинҳор молпарастликка йўймаслик керак. Бинобарин, ҳадя­лар ўзаро ишонч, ҳурмат, севгини ифода этади, улар таъсирида қалблар қулфи очилади, меҳр товланади.

 

Машраббону АКМАЛЖОН қизи,

ТИИ талабаси