Касални бориб кўриш суннат амалдир. Қариндош, яқинлар, қўни-қўшнилардан кимдир, ҳатто бегоналар ҳам, агар бетоб бўлиб қолишса, уларни зиёрат қилиш одамгарчилик хислатидир.

Бу анъанага халқимиз катта эътибор бериб келган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Мусулмон беморни йўқлаб борса, то у ердан қайтгунича жаннат боғларида сайр қилиб юрган бўлади”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Касалнинг ҳолини сўраш унинг қандай дард билан оғриганига қараб белгиланмайди, балки қандай дард билан оғриган бўлмасин, зиёратига шошмоқ зарур. Бетоб одам ҳузурига янги ёки кир кийимда кирилмайди. У билан очиқ чеҳра билан муомалада бўлиш савоб иш. Агар ётган бўлса, бош тарафига яқин ўтириб, қўлни касалнинг пешонаси, юзи ва қўлига қўйиб ҳол-аҳвол сўралади. Унинг ёнида баланд овозда, кўп сўзлаш ярамайди. Юзига тез-тез қараш ҳам одобдан эмас. Бетобдан кўнгли нима истаётганини сўраш керак, агар айтса, йўқловчининг ўзи ёки беморнинг оиласига айтиб ўша нарса ҳозир қилинади. Олдида кўп ўтирилмайди, бемор ўзи илтимос қилсагина ёнида бир оз суҳбатлашиб ўтирилади. Уни хурсанд қиладиган сўзлар айтилади. Касал ҳақига дуо қилинади ва ундан ҳам дуо сўралади. Чунки касалнинг дуоси фаришталарнинг дуоларига тенг ва мустажобдир. Аллоҳ таоло берган дардга шифо тилаб, беморни сабрли бўлишга чақириш лозим.

Шариатимиз касалларга ҳам кўрсатмалар берган. Бемор Аллоҳга шикоят қилиб эмас, балки суннатга биноан, гоҳ-гоҳ нола қилиб, дард енгил бўлиши учун бирор нарса билан бошини боғлаб, Аллоҳдан шифо сўрайди. Дард кучайса шукр қилади, ўзига ўлим тиламайди. Гуноҳларига тавба қилади ва охири хайрли бўлиши учун Ҳақ таолога илтижо қилади, яхши гумонда бўлади. Қуръон ўқиб, зикрда бўлиш мақталган амаллардандир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Албатта, Аллоҳ таоло: “Бир одам касал ҳолида ҳам Менга шукр қилса, тузалганида онадан янги туғилганидек гуноҳларидан пок қиламан”, дейди». Яна у зот: “Аллоҳ таоло бирор одамга яхшиликни хоҳласа, унга бирор мусибатни юборар экан, шу мусибатга сабр қилса, бир улуғ неъмат берар экан. Бир одам касал бўлса, ўша одамнинг гуноҳлари дарахтнинг барги шамолда тўкилгани каби тўкилиб кетади”, дедилар.

Аллоҳ таоло барча дардмандларга шифои комил ато этсин.

 

Муҳаммад МУКАРРАМОВ,

Косон тумани бош имом-хатиби