Аксарият болада битта бўлса-да, ёмон одат топилади. Ҳаммамизга таниш ҳолат: меҳмонга борганда ёки кўчада бирон танишингиз билан суҳбатлашиб турсангиз, кичинтойингиз тирноғини тишлаган, енгингизни тортаётган... Онаси қанча уришмасин, етти ёшида бармоқ сўрувчилар бор.

Бу ҳолатни тўғрилаш учун нима қилиши керак? Аввало бир нарсани тушуниб олиш муҳим: катта одам ва боланинг одатлари ўртасида фарқ кўп. Ёш бола ҳар бир ишни режа-мақсадсиз бажаради. Кўзингизга унинг қилиғи қанчалик хунук кўринмасин, у атайлаб, ёмон мақсадда бундай қилмаётганини унутманг. Шунинг учун одатларини беихтиёр такрорлайди. Бунинг сабаби бор: болада ёмон одатни келтириб чиқарувчи кучли таъсирланиш ва руҳий зўриқиш ҳолатлари такрорланиб туради. Ҳаттоки руҳий толиқиш бартараф этилса ҳам, орттирилган ёмон одат йиллаб йўқолмаслиги мумкин. Шунинг учун катталар сабр-тоқат, меҳр ва босиқлик билан боланинг бу одатлардан қутилишига ёрдам беришлари керак.

Бошқалар олдида бурун кавлаш, оёқ-қўлни бекорга қимирлатавериш, лаб ва тирноқларни тишлаш, бармоқ, соч, кийим-бош, предметни сўриш, ўтирганда ёки турганда чайқалиш асабдаги салбий ўзгаришлар – невроз белгилари; қўрқув, ташвишланиш, уялиш, қаттиқ чарчаш оқибатида ҳам келиб чиқади. Бу ёмон одатларни дакки, тақиқ билан тўғриламоқчи бўлганлар овора бўладилар.

Ёмон одатларга қандай чек қўйиш мумкин? Бола тушунган ҳолда бажараётган, ўзи назорат қила оладиган ишини таъқиқлаш бошқа гап. Ўрганиб қолган одатдан воз кечиш эса унча-мунча катта одамлар ҳам бажара олмайдиган масъулиятдир. Уддасидан чиқолмайдиган юмушни болага топширманг. Бола ҳар сафар стулда чайқалмоқчи бўлганида бундай қилиш “мумкин эмас”лигини эслайвермайди, иродаси етмайди. Агар одатини ташлашини талаб қилсангиз, қайсарлик билан сизга қарши бўлиши ёки ўзини ёмон кўриб қолиши мумкин. Шу сабаб уни ёмонламанг, яхшиси, бу камчилигини билмаганга олинг.

Муаммонинг ечими боланинг қўрқув, хавотир ва кучли таъсирланишлардан халос бўлиши билан боғлиқ. Қўрқув исканжасидаги бола ота-она меҳрига зор, унга ғамхўрлик зарур, тиниқиб дам олиши даркор. Меҳр-муҳаббат дилбандингизда чиройли одатларни шакллантиради, сизга ёқадиган, хурсанд қиладиган фазилатлар эгаси бўлиши учун интилиш, иштиёқини кучайтиради.

 

Гулгун УСМОНОВА тайёрлади.