Меҳмонни савоб умидида Аллоҳ ризолигини истаб муносиб кутиб олиш суннат амал саналади. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дастурхони ёзилган кишига фаришталар саловот айтиб туради”, дедилар (Байҳақий ривояти).

Мезбон қуйидаги суннат ва одобларга амал қилиб, меҳмоннинг ризқи Аллоҳнинг зиммасида деган эътиқодда бўлиши керак. Кишини Аллоҳ учун, савоб умидида уйига – таомга таклиф қилади. Риё, тортишув ва фахрланишдан узоқ бўлади. Меҳмон ҳузурига ҳар кимни ҳам киритавермайди. Зиёфатини фақат бойлар учун хосламайди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Таомларнинг энг ёмони мискинларни тарк қилиб, бойлар чақириладиган таомдир” (Имом Байҳақий).

Меҳмонни очиқ юз билан уйга таклиф қилинади, мезбон унга йўл кўрсатиб, олдинда юради. Имкон қадар иззат-икром кўрсатади. Авзоийдан (раҳматуллоҳи алайҳ) “Меҳмонни ҳурмат қилиш қандай бўлади?” деб сўрашди. У зот: “Очиқ чеҳра ва яхши гап билан”, дея жавоб берди. Хонадон эгаси меҳмонга ўзи хизмат қилиши суннат. Дастурхон покиза таомлар билан безатилади, полиз экинлари ва кўкатлар қўйиш мустаҳаб. Суфён Саврий (раҳматуллоҳу алайҳ): «Агар дўстинг меҳмон бўлиб келса, ундан “бирор нарса ейсизми, олиб келайми?” деб сўрама, балки ҳузурингда бор нарсани олиб кел, хоҳласа ейди, хоҳламаса емайди», деди. Дастурхонга таом билан бирга чой ҳам тортилади. Бодринг, тарвуз каби неъматларни мезбон олдин ўзи татиб кўради, сўнг меҳмонга беради. Дастурхон атрофида ўтирганда хонадон эгаси таомга биринчи бўлиб қўл узатади ва охирги бўлиб қўлини тортади. Агар меҳмонда сустликни ёки тортинчоқликни кўрса, ейишга қизиқтириши суннатдир.

Меҳмонларнинг ҳаммасига бирдек таом келтиради. Баъзи меҳмонлар билан алоҳида суҳбат қурмайди. Орага бегоналик тушадиган даражада жимлик бўлишига йўл қўймайди, дунё ва охиратга фойдали гапларни гапиради.

Меҳмонни хизматга қўймаслик мурувватдир. Умар ибн Абдулазиз (раҳматуллоҳи алайҳ) тунда бир нарса ёзиб ўтирарди. Ҳузурида меҳмон бўлиб, шу пайт чироқ ўчиб қолди. Меҳмон: “Чироқни тузатиб қўяйми?” деди. Умар ибн Абдулазиз: “Йўқ, меҳмонни хизматга қўйиш мурувватдан эмас”, деди. “Бўлмаса, хизматкорни уйғотинг”, деди меҳмон. “Йўқ, ўзи ҳозиргина ухлади”, деди-да, мўминларнинг амири ўзи чироққа ёғ қуйиб келди. Шунда меҳмон: “Ўзингиз турдингиз-а, эй мўминларнинг амри!” деди. Умар ибн Абдулазиз (раҳматуллоҳи алайҳ): “Умар бўлиб бориб, Умар бўлиб қайтдим”, деб жавоб берди.

Таомдан сўнг меҳмон кетишга изн сўраса, изн берилади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Балки чақирилганингизда кирингиз ва таомдан сўнг гапга берилиб кетмай, тарқалингиз!” (Аҳзоб, 53). Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): ”Меҳмонни ҳовли эшигигача кузатиб чиқиш суннатдир”, деган (Жалолиддин Суютий. «Жамиъул аҳадис»).

Агар меҳмон тунаб қолса, мезбон унга чироқ, мисвок, кавуш ва таҳорат идиши каби нарсаларни ҳозирлаб қўяди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ходимлари ва уй аҳлларидан бирортасига қўполлик қилмайди, юзини буриштирмайди, баланд товушда бақирмайди.

Ғариб ва фақирни уч кун меҳмон қилиш суннатдир. Агар зиёфат уч кундан ортиқ давом этса, садақа ҳисобланади. Бундан ташқари, ғарибга бир кеча-кундузлик таом берилади. Миқдом Абу Карима Шомий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Меҳмоннинг туни ҳар бир мусулмонга вожибдир”, дедилар. Бу билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мусулмон киши уйига келган меҳмонни икром қилиши ва агар у мусофир бўлса-ю, тунашга жойи бўлмаса, жой бериш мезбоннинг зиммасига қарз эканини белгилаб бердилар. Хонадон эгаси меҳмонларни кузатаётган вақтда “Мени хурсанд қилдинглар!” дейди.

 

Муҳаммадали ЗОҲИДОВ