Жаҳлдор, жанжалкаш бола тенгдошларига кун бермайди: нарсаларини тортиб олади, қўрслик қилиб уришади, дўппослашдан ҳам тоймайди. “Катта бўлса қуйилиб қолар...” ёки “Бола дегани шўх бўлсин” каби мулоҳазалар билан қўйиб берилса, бу хулқ-атвор доимий меъёрга айланиб боради. Бундай болани кичиклигида тергаб, оз-моз йўлга солиш мумкин, аммо кейинчалик назоратга олиш анча қийин. Бола қоидаларни ёқтирмайди. Уни ҳар хил ҳаракатга бошлайдиган сабаб ички ҳолати, кечинмалари ва кайфиятидир. Демак, боланинг хулқ-атворига қараб у нималарни бошдан кечираётганини тушунса бўлади.

Зўравонлик жамият ва ундаги муносабатларга зид келади. Бундай бола ота-онасига ва атрофидагиларга фақат муаммо туғдиради. Шунинг учун бу ҳолат сабабини аниқлаш зарур. Оғзаки дашномлар таъсир қилмай авж олаверадиган зўравонликнинг сабаблари кўп. Энг кенг тарқалган сабаб чарчоқ, толиқиш ва кучли таъсирланишдир. Ҳатто жуда ювош ва гап уқадиган бола ҳам бундай ҳолатларга тушса, жаҳлдор ва тажовузкор бўлиб қолади. Шундай пайтда уни оғзаки огоҳлантириш ва бақириб-чақириш фойдасиздир. Бола аввало дам олиши зарур. Акс ҳолда тажанглик сурункали тус олади, натижада асабийлик боланинг доимий хулқ-атворига айланади.

Оилада, катталар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, эътибор етишмаслиги ҳам жаҳлга йўл очади. Кичкинтой катталар орасидаги совуқ муносабат, ёвқарашнинг гувоҳи бўлиши, афсуски, кўп учрайдиган иллатдир. Табиийки, бола ўзи гувоҳ бўлган ножўя хатти-ҳаракатни такрорлайверади. Зўравонлик боладаги салбий иллатлар куртакларининг бўртишига олиб келади. “Мен”ини ҳимоя қилишни ёқтирадиган бола янада зўравонлашади, курашдан ўзини олиб қочувчилар эса сустлашиб, тобе бўлишга кўникади. Ҳар икки оқибат ҳам бола руҳиятига салбий таъсир қилади.

Унутманг, ортиқча ғамхўрлик ҳам болани худбинликка ўргатади. Ў ўзини бўлар-бўлмасга ҳар нарсадан эҳтиётлай бошлайди. Ҳамма уни яхши кўриб суяди, сўраганини бажо қилади. Қалбида “Ҳеч ким ҳеч қачон менга рад жавобини бериши керак эмас”, деган қайсар ишонч пайдо бўлади. Шу сабабдан ҳам у бошқа болаларга тазйиқ ўткизади.

Зўравон бола жамиятда, ҳаттоки ўз яқинлари орасида ҳам ўрнини топиши қийин. Замонавий руҳиятшунослар ота-она ўз фарзандини ҳар куни беш-олти марта бағрига босиб, бошини силаши меҳрли инсон тарбиялашнинг самарали усулларидан эканини таъкидлайди. Қолаверса, ўрик ўрикни кўриб сарғаяди, катталарнинг чиройли фазилатлари кичкиналар учун энг ишончли тарбия мактабидир.

 

Гулгун УСМОНОВА тайёрлади.