Аллоҳ таоло инсонларни аҳил бўлиб яшаш, Ўзига ибодат қилиш ва бир-бирларининг ҳақларига риоя этишга буюради. Жоҳилият замонида кучлилар заифларни таҳқирлар, қабилалар бир-бирига душман эди. Ислом келиб, инсонларни ўзаро меҳр-муҳаббатли қилди. Қуръони каримда бундай дейилади: “Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз” (Оли Имрон, 103). Яъни, Ислом неъмати туфайли дўст-биродарга айландилар.

Парвардигорга яқин бўлишни истаб, нафл ибодат учун одамлардан ажралиб чиқишдан кўра халққа насиҳат қилиб, шафқат кўрсатиб, улар билан ҳамжиҳатликда яшаш афзал ва суннат амалдир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Мусулмон мусулмонга туғишган ака-укаси кабидир. Унга ёлғон гапирмайди, хиёнат қилмайди, қаровсиз қолдирмайди. Ҳар бир мусулмонга обрўси, моли ва қони ҳаром. Тақво бу ердадир мусулмоннинг (кўкракларига ишора қилдилар). Киши томонидан содир этиладиган ёмонликлардан бири мусулмон дўстини таҳқирламоғидир” (Имом Термизий).

Инсонларга аралашиб яшашнинг ҳақлари қуйидагилар: халойиқ билан ошкора ҳам, яширин ҳам барча ишида бирга бўлади ва қалбида Аллоҳга қурбат ҳосил қилади. Али ибн Даққоқ (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Инсонлар кияётган нарсаларни кий, улар еяётган нарсалардан е, лекин ботинингда Аллоҳга юзлан”.

Ўзи учун яхши кўрган нарсани улар учун ҳам яхши кўради. Анас (розияллоҳу анҳу) айтади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сиздан бирингиз ўзи яхши кўрган нарсани дўстига ҳам раво кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмайди”, дедилар» (Имом Бухорий).

Барча ишларда яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш ила уларга насиҳат қилади, чунки насиҳат диннинг устунидир. Тамим Доримий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дин насиҳатдир”, деб уч марта айтдилар» (Имом Термизий, Имом Насоий ва Ибн Можа).

Инсонларга етган азиятни кетказади, раҳм-шафқат билан муомалада бўлади. Бирор кишини ёмон сўз билан зикр қилмайди. Чунки ҳар бир кишига фаришта вакил қилинган бўлиб, дўстига айтган сўзини ўзига қайтаради. Бирор кишининг мусибатидан хурсанд бўлмайди. Барчага бирдек яхши муносабат кўрсатади. Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминлар бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатишда, меҳр-муҳаббатли бўлишда ва ўзаро бир-бирларига ёрдам беришда бир жасад кабидирлар. Агар бир аъзо касалланса, бошқаси унга иситма ва бедорлик билан ёрдам беради”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Бухорий).

Инсонлар тарафидан етган азиятни кўтаради ва кечиримли бўлади. Раcулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мушрикларнинг азиятларига сабр қилганлар. Чунки Аллоҳ таоло кечиргувчи Зотдир ва афв этувчиларни севади.

Аллоҳ берган неъматларига шукр қилиб, инсонларнинг ҳожатларини чиқаради. Ишларига ёрдам беришга ҳаракат қилади. Али (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Албатта, жаннат мўмин биродарининг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилаётган кишига муштоқ бўлиб туради” (Имом Муслим).

Жабрланувчини аччиқ устида жиноятга қўл уришдан қайтаради. Жанжаллашаётганларни яраштириб қўяди. Чунки яраштириш садақанинг афзалидир. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Бас, Аллоҳдан қўрқинг ва ораларингизни тузатинг! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳ ва (Унинг) расулига итоат этинг!” (Оли Имрон, 103). Абдураҳмон ибн Авф онаси Умму Гулсум бинти Уқбадан (розияллоҳу анҳум) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Одамларнинг орасини ислоҳ қилган, яхшиликни гапирган ва яхшиликни кўпайтирган ёлғончи эмас”, дедилар».

Ёмонлик қилганга яхшилик қилиш, алоқани узган билан алоқани тиклаш, бошқалар ҳақида яхши гумонда бўлиш мусулмон одобидир. Чунки ёмон гумон мўминни ёлғончига чиқаради.

Аллоҳ таоло берган неъмат туфайли бирор кишига ҳасад қилмайди. Неъматнинг ундан кетишини орзу ҳам қилмайди ёки неъматни кетказиш учун ҳийла ишлатмайди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ҳасаддан сақланинг, чунки ҳасад олов ўтинни ёндириб йўқ қилгани каби яхшиликларни кетказади”, дедилар (Имом Байҳақий).

Ваъдани зудлик билан бажаради, чунки ваъда қарздир. Ваъдага вафо қилмаслик мунофиқлик аломати.

Зикр қилинган барча тавсияларга ҳаётимиз давомида амал қилишга жидду жаҳд кўрсатсак, Худо хоҳласа, кишилар орасидаги муносабатлар яхшиланади, самимийлашади, аҳиллик кучаяди.

Солиҳа МУҲАММАДАЛИ қизи