Аллоҳ таоло бундай буюради: "Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб "уф" тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут – хокисор бўл ва: "Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин", деб (ҳақларига дуо қил!)". (Исро, 23-24).

Дарҳақиқат, отамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлади, вояга етишимизда ўзининг саъй-ҳаракатлари, рўзғор юритиши билан ибрат бўлади. Онанинг эса беқиёс хизматларини таърифлашга тил ожиз. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир", деганлар ва умматларини онани рози қилишга, унинг дуосини олишга тарғиб қилганлар.

Алломаларимиз фарзандларнинг ота-оналари учун бутун борлиқлари - ҳам тани, ҳам тили, ҳам дили, ҳам моли билан хизматда бўлишлари кераклигини уқтиришган. Абу Усайд (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: Биз Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳузурларида эдик, шу вақтда бир киши: "Ё Расулуллоҳ, ота-онам ҳаёт вақтларида қилган яхшилигимдан ташқари уларнинг вафотидан кейин яна нима қилсам, шу яхшилигим давом этади?" деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Тўртта нарсани қилиб юрсанг, уларга яхшилигинг давом этаверган бўлади. Биринчиси, ота-онанг ҳаққига дуо қиласан ва гуноҳларини кечирмакни Аллоҳ таолодан сўрайсан, иккинчиси, насиҳат ва шаръий васиятларини амалга оширасан, учинчиси, дўстларини ҳурматлайсан ва тўртинчиси, қавм-қариндошлар билан улар туфайли қарор топган қариндошлик алоқаларини узмайсан", дедилар (Имом Бухорий ва Абу Довуд ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: "Қайси бир сафарда бир аъробий Абдуллоҳ ибн Умар ёнларига келиб: "Сен фалончининг ўғли эмасмисан?" деб сўради. Шу аъробийнинг отаси Умар ибн Хаттоб билан дўст бўлган экан. Абдуллоҳ аъробийга: "Ҳа, отангнинг дўсти Умарнинг ўғлиман", дедилар ва туяларига эргаштириб юрган эшакни ҳамда бошларидаги саллани ҳам аъробийга бердилар. Шунда ёнларидаги кишилардан бири таажжубланиб: "Бу бир аъробий бўлса, унга икки дирҳам берсангиз кифоя қиларди, сиз эса эшакни ҳам, саллани ҳам бериб юбордингиз", деди. Абдуллоҳ ибн Умар: «Расулуллоҳ: "Отанг дўст тутган кишиларнинг дўстлигини сақла, улар билан алоқани узма, узсанг, Аллоҳ таоло сенинг нурингни ўчириб қўяди", деган эдилар», деб жавоб қилдилар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, фарзандларнинг ота-оналари зиммасида муайян ҳақлари бўлгани каби уларнинг ҳам фарзандлари зиммасида бир қанча ҳақлари бор экан. Уларни ҳурмат қилсак, хизматига шай туриб, дуосини олсак, иншааллоҳ, Аллоҳ таоло умримизни зиёда қилиб, ризқимизга барака беради.

 

Абдужаббор ТЎЙЧИБОЕВ,

"Саййид Муҳйиддин махдум" Ислом ўрта махсус билим юрти 4-курс талабаси