Барча давлатларда транспорт ҳаракатида кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ҳайдовчи ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш учун

қонун-қоидалар мукаммаллаштирилмоқда.

Йўл қоидаларига қатъий риоя қилишни назоратга олиш муҳим вазифага айланди. Мамлакатимизда ҳатто мактаб­гача таълим муассасаларида ҳам йўл хавфсизлиги қоидалари ўргатилмоқда.

Ислом дини йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам низом ва тавсиялар берган. Ҳар қандай улов ҳайдовчисининг зиммасига бир неча вазифаларни юклайди. Булар қуйидагилар: уловга минганда “Менга шу уловни вақтим ва кучимни тежаш, оғиримни енгил қилиш ва кўзлаган мақсадимга етишим учун Аллоҳ буйсундирди. Агар Парвардигоримнинг фазли бўлмаганида эди, бу неъмат ҳаргиз менга насиб бўлмасди”, деб шукр қилиш. Минишдан олдин уловнинг йўлга тайёр эканини текшириш, носоз жойларини тузатиш лозим. Уловга ўтираётганда ҳайдовчи “бисмиллоҳ”ни айтади ва ушбу дуони ўқийди: «Бизларга бу (улов)ни бўйсундириб қўйган Зотга тасбеҳ айтамиз. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик” (Зуҳруф, 13). Алҳамдулиллаҳ, Алҳамдулиллаҳ, Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар. “Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим”» (Анбиё, 87).

Уловга белгилаб қўйилганидан ортиқ юк ортилмайди. Хавфсизлик чораларига тўлиқ амал қилиш, яъни, от-улов бўлса, эгарининг айилини ҳайвонга озор бермаган ҳолда маҳкам боғлаш ва жиловини яхши тортиш; автоуловда эса хавфсизлик камарини тақиш керак. Уловга маълум масофадан кейин дам берилади. Ҳайдовчи ҳам дам олиши мақсадга мувофиқ, чунки толиқиб йўлда ухлаб қолиши ёки улови ишдан чиқиши мумкин. Тепаликка кўтарилаётганда ёки пастликка тушаётганда зикрлар айтади. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) билан сафарга чиқдик. Маркабларимиз билан тепаликка кўтарилаётганда “Аллоҳу Акбар”ни, пастликка тушаётганимизда “субҳоналлоҳ”ни айтардик” (Имом Бухорий).

Ҳайдовчи уловини ўзи бош­қаради. Абдуллоҳ ибн Бурайда (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан йўлда кетаётган эдик. Шу пайт эшагини етаклаб бир киши келди ва: “Ё Расулуллоҳ, мининг”, деб ўзи орқага ўтди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Йўқ, маркабингни бошқаришда мендан кўра сен ҳақлисан, агар уни менинг ихтиёримга берсанг, ўшанда мен ҳақли бўламан”, дедилар. Ҳалиги одам: “Ҳақиқатда жониворимнинг уловини сизга бердим”, деди. Шундан сўнг Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) унга миндилар» (Имом Абу Довуд).

Шариатимиз буюрган одоб­ларга риоя қилиш ҳар бир мўминнинг вазифасидир. Шунинг учун йўлда ДАН ходими биздан ҳайдовчилик гувоҳномасини, уловнинг техник кўрикдан ўтгани ҳақидаги ҳужжатни, дори қутичаси бор-йўқлигини, хавфсизлик камарини тақишни талаб қилса ёки уловга кўп юк ортилгани ҳақида огоҳлантирса, буни тўғри қабул қилиш лозим. Бу одоб ва мажбуриятларни бажариш ўзимизнинг ва ёнимиздаги ҳамроҳларимизнинг кўзланган манзилга соғу омон етиб олишимизни таъминлайди, иншааллоҳ.

 

Худоёрхон ЎРАЗИМБЕТОВ,

Тошкент шаҳридаги «Олмозор» жоме масжиди имом-хатиби