Айтилган жойга бориш Ислом ҳақларидан.

Ҳумайд ибн Абдурраҳмон (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар сизни икки киши чақириб қолса, биринчи чақирганникига боринг, агар иккаласи тенг чақирган бўлса, эшиги яқинроғига боринг”, дедилар (Имом Байҳақий).

Яна Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким айтилган жойга бормаса, Аллоҳ ва расулига осий бўлибди”, дедилар (Имом Байҳақий). Бахил, фосиқ одам меҳмонга айтса, борилмайди.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сахийнинг таоми шифо, бахилники касалликдир”, дедилар (Файзул қодир фи шарҳи жомеъус-сағир).

“Биров кўрсин, эшитсин” деган ниятда тайёрланган дастурхонга ҳам жавоб берилмайди. Айтилган жойга нафснинг хоҳиши учун эмас, балки мўминга хурсандчилик улашиш мақсадида борилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким мендан кейин бир мусулмонни хурсанд қилса, мени хурсанд қилибди ва ким мени хурсанд қилса, Аллоҳни хурсанд қилибди”, деб марҳамат қилдилар.

Меҳмон мезбон кўрсатган жойга ўтиради. Мезбоннинг уйидаги нарсаларини тафтиш қилмайди. Ҳар томонга боқиб ноқулайлик туғдирмайди. Чунки бундай қилиш хонадон эгасини хижолатга қўяди. Туз ва сувдан бошқа истагини ошкор қилмайди. Олдига келтирилган таомни айбламайди. Дастурхонга тортилган неъматлар арзимас бўлса-да, ҳеч бирини камситмайди. Сут, хушбўйлик, ёстиқ ва зам-зам сувини рад этмайди.

Мужоҳид (раҳматуллоҳу алайҳ) ривоят қилади: “Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ҳузурига меҳмон келса, зам-зам суви берардилар”.

Уй эгасига буйруқ бермайди. Ташқарига чиқмоқчи бўлса, изн сўрайди. Дастурхондаги нарсани мезбоннинг рухсатисиз бировга бермайди.

Таомдан сўнг меҳмон мезбонни дуо қилмоғи суннат. Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Саъд ибн Убода (розияллоҳу анҳу) таом келтирди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таомни еб бўлиб: “Таомингизни аброрлар есин, фаришталар сизларга салавот айтсин, ҳузурингизда рўзадорлар таомлансин”, дедилар» (Имом Байҳақий). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар Аллоҳ таоло бирор қавмга яхшиликни ирода қилса, уларга бир ҳадя беради”, дедилар. Шунда саҳобалар: “У қандай ҳадя?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ўз ризқи билан келадиган меҳмон. У кетаётганида мезбоннинг гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилдилар (Жалолиддин Суютий. “Жомеъул аҳадис”).

 

Муҳаммадали ЗОҲИДОВ