Инсон умри фаслларга ўхшайди. Ёшлик-навқиронлик баҳорга қиёс қилиниши бежиз эмас. Баҳор эса шундай фаслки, ерга тушган ҳар қандай уруғ гуркирайди, бошқа мавсумларда бундай хусусият йўқ. Зеро, кузда йиғилиб, қиш учун захира қилинадиган ҳосил салмоғи кўкламдаги меҳнат, ҳаракатларга боғлиқ. Шу сабабли ҳам, динимиз ёшлар тарбияси, таълим олишлари, илм-ҳунар эгаллашларига алоҳида аҳамият қаратади. Ҳикматларда айтилганидек: “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир”.

Динимиз ёшларга тарбия беришни вожиб қилиб қўйган. Чунки ёшликда ғайрат, шижоат, зеҳн кучли, феъл-атвор, ақл, жисм ўсиш ва ривожланишда; бу даврда қилинган ишлар, ибодатлар мукаммал ва тўлиқ бўлади. Ҳамма даврларнинг уламо ва олимлари илмни ёшликда олган. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Аллоҳ таоло пайғамбарларига бу улуғ вазифани ақлан ва жисмонан кучга тўлган ёшлик чоғларида инъом қилган, шунингдек, олимларга ҳам илм ёшлик чоғида берилган” (Имом Табароний ривояти).

Юсуфга (алайҳиссалом) илм ва ҳикмат ёшлик чоғларида берилгани Қуръони каримда бундай баён қилинади: “Вояга етгач, унга ҳукм (ҳакамлик) ва илм ато этдик...” (Юсуф, 22). Яна бир ояти каримада бундай дейилади: “...унга (Яҳёга) гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик” (Марям, 12).

Ёшлик шундай фазилатли давр. Ўз ўрнида, катталар зиммасига масъулиятлар ҳам юклайди. Икки дунё саодатига етишимиз фақат ўзимиз эмас, фарзандларимизнинг ҳам илм, ҳалол касб, чиройли хулқ эгаси бўлиши йўлида ғайрат қилишимизга ҳам боғлиқ. Бу вазифани Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифлари бундай ифодалайди: “Ҳеч бир ота боласига одоб-ахлоқдан ҳам яхшироқ нарса беролмайди”.

Юқорида ёшликни тупроғида ҳар қандай уруғ гуркирайдиган фасл – баҳорга ўхшатдик. Нияти бузуқ кимсалар буни яхши билганлари учун ёшларни ўз йўлларига солиб, ғаразли мақсадларига эришмоқчи бўладилар. Биз болаларимизни ўз ҳолига ташлаб қўйсак, ғанимларга ёрдамлашган бўламиз. Ҳозирги давр эса ёшлар тарбиясига ҳар кунгидан ҳам жиддий ёндашишни тақозо қилмоқда. Энг олдин ҳар борада ёшларга ўрнак бўлайлик. Уларнинг бир он бўлсин вақтлари беҳуда ўтишига йўл қўймайлик. Тирикчиликнинг ҳеч битмас иш-юмушлари билан овора бўлиб, фарзандларимизга эътиборсизлик қилмайлик. Токи, икки дунёда ўзимизга, аҳлимизга ҳам хайрли оқибат насиб этсин.

 

Абдусамад ХАЛИЛОВ,

Ангор тумани “Абу Исо ат-Термизий” жоме масжиди имом-хатиби