Кечиримлилик исломий одоб, олий ахлоқий фазилатдир. Аллоҳ таоло кечиримли бандаларини бундай мақтайди: “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир” (Оли Имрон, 134).

Мусулмон одам ўзини кимдир ранжитиши ҳам Аллоҳ таолонинг синови эканини билади, хафа қилган одамни самимий, чин қалбдан кечиради.

Бироқ айримлар “кечирдим” деб айтса ҳам, юрагидаги нафрат ва ғазабдан қутулолмай юради. Нохуш ҳолатни унутолмаслик, такрор-такрор эслайвериш натижасида асабийлик, тажанглик келиб чиқади. Кечиролмаслик, гина-кудурат сақлаш қалбни қорайтириш билан бирга, саломатликка ҳам зарар етказади.

Хорижда ўтказилган тадқиқотлардан бирида кечиримлиликнинг инсон саломатлигига бир қанча фойдалари борлиги аниқланди. Унда икки юз эллик тўққиз киши иштирок этди. Мутахассислар кечиримлиликни ўргатиш мақсадида бир ярим соатдан суҳбатлар ўтказишди. Тадқиқот сўнгида иштирокчилар ўзларига ёмонлик қилганларни кечиришганидан сўнг ички изтироблари камайганини таъкидлашди. Кечиримли одамлар ўзларини ҳам руҳий, ҳам жисмоний яхши ҳис қилишлари исботланди. Шу билан бирга, бу хислат қон босими ортиши, юрак хуружи ва инсулт хавфини камайтиради.

Бир минг беш юз киши қатнашган бошқа бир изланишда тушкунлик, тажанглик ва руҳий хасталиклар мустаҳкам эҳтиқодли кишиларда кам учраши кузатилган.

Муҳаммад СОБИР