Тошкентдаги 274-мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени эгаси, халқ таълими аълочиси Маҳмуда Валиева билан суҳбат.

 

– Маҳмудахон, ўқитувчи чуқур ва пухта билимли бўлса, бу касб билан шуғулланиш анча енгил кўчармиди?

– Билимли муаллим яхши дарс ўтиши мумкин, лекин тарбия бериш, ўқувчини мустақил ишлашга, изланишга ўргатиш учун энг олдин ўзи тарбияланган бўлиши, иши сўзига мос келиши шарт. Ўқитувчи ўқувчининг ҳурматини қозонса, дарсига қизиқиши ортади. Бунинг учун ўқитувчи ўқувчи юрагига қулоқ солиши керак. Кўплар, ўқувчи устозидан ҳайиқиб, қўрқиб тургани яхши, деб ўйлайди. Мен ўқитувчининг ўқувчига дўст бўлиши, уни боласи каби суйиши тарафдориман.

Тажрибали ўқитувчи ўқувчини уй вазифасини бажармагани учун изза қилмай, сабабини сўрайди. Узрли бўлса, кечиради. Чунки бола кўнглини асраш, шаштини сўндирмаслик муҳим. Тўғри, айрим ўқувчилар алдаши, баҳона топиши мумкин. Бироқ ўқитувчи унинг кўзию ҳаракати, гап-сўзидан тўғри ёки ёлғон сўзлаётганини ажрата олади.

Ўқувчиларга саволлар ёзилган дафтаримни бераман, унга ўзларининг қизиқишлари, яхши кўрган фанлари, оила аъзолари, ёдлаган шеърлари ва бошқалар ҳақида ёзиб беришади. Дафтарда: “Мендан ранжиган вақтингиз ҳам бўлганми?”, “Ёлғон гапирсангиз, қандай чора кўрай?”, “Хато иш қилсангиз, танбеҳ етарлими ёки жазолайинми?” деган саволлар ҳам бўлади.

Вазира исмли ўқувчим бундай ёзибди: “Устоз, сиз бир ҳафтада энг кўп “5” баҳо олган ўқувчини тақдирлашингизни айтувдингиз. Шанба куни кундаликларни текширдингиз. Севара 22 та “5” олгани учун кундалигига “Аъло ўқиши, намунали хулқи учун раҳмат, баракалла”, деб ёзиб бердингиз. Менинг кундалигимда эса 23 та “5” бор эди, бироқ ҳеч нарса ёзмадингиз. Буни қандай тушунай?” деб, яна менга атаб “Юз ёш берсин сизга Худойим,” дея саккиз қатор шеър ҳам ёзиб қўйибди. Бундан жуда таъсирландим, эртасигаёқ узр айтиб, хатоимни тўғриладим ва ўзим учун сабоқ чиқардим. Ўқитувчи шошиши, адашиши мумкин эмас.

Яна бир куни ўқувчиларим билан театрга бордик. “Шошма, қуёш!” спектаклини кўриб, ҳамма бир дунё таассурот билан қайтди. Бу ҳақда иншо ҳам ёзишди. Бир ўқувчим бундай ёзибди: “Устоз, мен театрга боролмадим. Ўртоқларимга ҳавасим келди. Уларга ота-оналари пул беришган, дадам тирик бўлганларида, мен ҳам борардим. Ёлғиз онам фаррошлик қилиб, бизни катта қиляптилар. Театрга борай десам, уришиб бердилар. Сиздан уялиб, “Касал бўлиб қолдим”, деб мактабга ҳам чиқмадим”.

Бу гапларни ўқиб аъзойи баданим музлади. Ахир, унинг шароитини билардим-ку! Нега хабар олмадим, театрга олиб кетмадим? Бу айбимни кейинроқ ювдим.

– Оиласидаги муҳит, шарт-шароит боланинг ўзини тутиши, юриш-туриши, ўқишига таъсир этмай қолмайди...

– Албатта! Ҳар бола сир-синоатга тўла бир дунё, уни ўрганиш, сирларини топиш учун шу дунёда яшаш керак. Синфдаги ўттиз ўқувчи ўттизта оиланинг вакили ҳисобланади. Ўқувчи мисоли кўзгу, унга қараб оиладаги аҳволни бемалол билса бўлади. Агар у тоза кийим кийган, китоб-дафтар, ўқув қуроллари тахт бўлса, демак, уйи ҳам саранжом-саришта, озода. Тартибсиз оиладан гулдек ўқувчи камдан-кам чиқади. Тақинчоққа ўч қизлар онасига тортади: “Қуш уясида кўрганини қилади”да! Ўқувчи тунд, қайсар, ўжар бўлса, билинг, оилада катталар муносабатига дарз етган. Баъзан ота-оналарга, тўғрироғи, оналарга: “Ўғлингиз ёмон сўзларни ишлатади”, десангиз, “Билмадим, уйда ҳеч ким сўкинмайди, ўртоқларининг таъсиридир-да”, дейишади. Асло ундай эмас. Ўғил отадан, қиз онадан андоза олади. Ота-она, қайнона-келин муносабатлари доим ҳам рисоладагидек бўлмаслигини, кўнгилсизликлар бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатишини ўқитувчи ҳар нафасда ёдда тутиб, буни ҳисобга олиб турса, ўқитувчи – ўқувчи ришталари мустаҳкам бўлади.

– Ўқувчи кўнглига бирдек йўл топиш учун ўқитувчи эътиборни нималарга қаратиши керак?

– Баъзи бола табиатан шошқалоқ, ўртоқлари билан тезда уришиб, тезда ярашиб кетади, гина сақламайди. Бошқаси эса индамас, “ичимдагини топ” хилидан. Ҳар бир боланинг дунёқараши, феъл-атвори, билим даражаси хилма-хил. Янада нозик томони, улар моддий таъминоти турлича бўлган оилалардан. Истироҳат боғлари, музей ва театрларга боришда бу фарқ яққол сезилади.

Яна бир воқеа эсимга тушди. Қишки таътилда сиркка борганимизда бир ўқувчим томошага киришдан олдин ҳам, томоша пайтида ҳам, чиқишда ҳам гўштли кулча олиб еди. Қолганлар ҳам нималардир олишди. Фақат бир ўқувчим ҳеч нима сотиб олмади. Ширинкулча олиб, ярмини бердим. Олмади. Эртасига: “Сиркка нима учун бордик, овқат еганими, томошагами? Томоша вақтида кавшаниш тўғрими? Нега “Бир майизни қирқ киши бўлиб ейишди,” дейишади? Ҳозир ҳам шундайми?” деб синфда баҳс-мунозара ўтказдим. Кейинги сафар истироҳат боғига борганимизда, ўқувчиларим бир-бирига егулик улашаётганини кўриб, сўзим беҳуда кетмаганидан қувондим.

Болаларни дўст қилиш, жипслаштиришда ҳар хил мавзуларда суҳбат ўтказиш, ривоят ва ҳикоятлардан мустақил хулоса чиқаришга ўргатиш яхши самара беради.

Кўпинча ўқувчиларимга ибратли ҳикояларни, Эркин Воҳидовнинг “Камтарлик ҳақида”ги шеърини эслатаман. Аҳмад Яссавийнинг дунё ўткинчилиги, мол-дунё бевафолиги тўғрисидаги ҳикматларидан ёдлатаман. Бу усуллар маълум даражада ўқувчиларни дўстлаштиради. Эсдалик дафтар тутишларига қаршилик қилмайман, кўнгилда борини ёзишсин, бир-бирини тушунишсин. Тўгаракларга жалб этиш, шоиру ёзувчи, олимлар билан учрашувлар уюштириш, ҳашарларда бирга ишлаш ҳам ўқувчиларни янада яқинлаштиради.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА суҳбатлашди.