“Уйга бир меҳмон боласи келганидан кўра, тўққиз отлиқ келсин”, деган экан кексалар.

Чунки ота-онаси билан меҳмонга келган болалар аксар ҳолларда одоб меъёрларига амал қилмайди. Бола бегона уйга киради-ю, ўйинчоқ дўконига қадам босгандек ҳамма ёқни бирма-бир кўздан кечириб, атрофни титкилашни бошлаб юборади. Бу ҳам камдек, “қулоғига пахта тиқиб олади”, ҳеч кимнинг танбеҳини эшитмайди. На гап гапга қовушади, на меҳмоннавозлик оби-тобига етади.

...Нима бўлганда ҳам “улар меҳмон”! Шу сабабли мезбон ҳар қандай ҳолатда зўраки табассум билан сокин кўринишга ҳаракат қилади. Кўпчиликка таниш бу ҳолатга “оз қолди, бир– икки соатда кетишар”, дея сабрли бўлишга уринади. Бунга меҳмон болаларнинг бир неча ёмон одатлари сабаб бўлади:

Биринчидан, меҳмонга борилганда баъзи оналар болаларнинг қўлларига егуликлар тутқазиб қўйишади. Аммо фарзандининг у ёқдан бу ёққа югуриб, тўкиб-сочиб, гилам, диван ва кўрпачаларга кир ёки ёғли қўлларини суркашига парво ҳам қилишмайди. Фақат баъзи-баъзида “бу ёққа кел” ёки “унақа қилма” деб қўйиб, яна ўз суҳбатларида давом этишади. Қизиқ, ўша оналар уйларида ҳам шундай “бағрикенг”микан? Аслида, дастурхон солиб ёки жой тайёрлаб, аввал болаларнинг қорни тўйдирилса, уй эгасининг меҳмон кетганидан сўнг ювиб-тозалаш учун сарфлайдиган кучи анча тежалади.

Яна бир ҳолат: баъзи болалар меҳмондорчиликдан қайтаётганида бирор ўйинчоқ ёки буюмни ўзлари билан олиб кетиш учун оёқ тираб оладилар. Ўлжасига эришиш учун бола йиғидан қурол сифатида фойдаланиб, атрофни бошига кўтаради. Уй эгаси назокат юзасидан ҳам ўша нарсани ҳадя этишга мажбур бўлади. Шундай ҳолатлар такрорланаверса, бу қилиқ боланинг одатига айланади ва борган жойида ота-онани хижолатга қўяди. Шунинг учун болага меҳмондорчилик одобларини ўргатиш лозим.

Бир жойга борилганда болада мослашиш муаммоси борлигини ҳис этсак ёки аввал ҳам шундай ноқулай вазиятни бошимиздан ўтказган бўлсак, аввало боланинг бундай ҳаракатлари сабабларини топиш даркор. Айтайлик, балки бола уйда ортиқча босим остида бўлганлиги учун бир жойга борганда қафасдан чиққандай сезар ўзини...

Ўз уйларида ўйнайдиган жойлари чегараланган, шунингдек, катталарнинг давомли “қилма, тегма” танбеҳларига дуч келган болалар гап эшитмаслик учун жимгина бир бурчакда ўтирадилар. Меҳмондорчиликда эса онасининг суҳбатларга астойдил киришиб, ўзига эътиборсиз бўлиши ҳам боланинг ортиқча хатти-ҳаракатларига сабаб бўлиши мумкин. Маълум вақтга бўлса ҳам онасининг эътиборидан четда қолган бола ўзини унутилгандек ҳис этади ва ножўя ҳаракат билан бўлса ҳам онасининг диққатини тортишга уринади. Боласининг феъл-атворини яхши биладиган ота-она доимо фарзандига эътиборли бўлиши, яхшиси, уни турли машғулотлар билан банд қилиб қўйиши лозим. Агар шунда ҳам муаммо ечилмаса, ўзини тўғри тутишни ўргангунга қадар бола билан меҳмонга боришни ортга суриш, лозим топилса, болалар руҳшуносига мурожаат қилиш керак.

Унутмаслик лозим, “бола-ку!” дея бефарқ ташлаб қўйилган ва бошқаларни ҳурмат қилишга ўргатилмаган болалар вояга етганларида жамиятнинг ўзларига мослашишини кутадилар. Турли вазиятларда ўзини қандай тутиш кераклигини болага ўргатиш ҳам ота-оналарнинг энг муҳим вазифаси. Меҳмонга борилганда, уй эгасига иложи борича заҳмат ва азият бермаслик учун ҳар бир ишни ота-онадан ва уй эгасидан сўраб қилиш кераклигини болага яхшилаб тушунтириш керак. Бунда зиёрат одобларини ўргатадиган китоблар ва ҳикоялардан фойдаланиш яхши натижа беради.

Боланинг бирдан одобли бўлиб қолишини кутиш нотўғри, албатта. Тарбия жараёни изчил олиб борилиши керак, болага ҳар қадамда кўмаклашиш, доимо назоратда ушлаш, ўрни келганда тартибга чақириш лозим. Шундагина ҳаракатларимиз самара бериб, ўзимиз ҳам хижолат чекишдан йироқ бўламиз.

Мадина МУРОДОВА тайёрлади.