Кўпдан буён бир ниятнинг амалга ошиши илинжидаман. Аллоҳ таолодан эртаю кеч дуо қилиб сўрасам-да, ноумидлик кўнглимни чулғаб оляпти.

Аллоҳ таоло: “Сиздан (эй Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман...(Бақара, 186) деган-ку, дея ўзимни юпатаман ва яна умид... Кўнглим гоҳ хотиржам, гоҳи безовта.

Шунда Абн Ато Сакандарийнинг (раҳматуллоҳи алайҳ): “Парвардигордан дуоингнинг ижобат бўлмаётганини эмас, балки, Раб­бингдан одобинг­ни гўзал қилишини сўра”, деган маънодаги ҳикматли сўзи ёдимга тушди. Манбалардан дуонинг қабул бўлиш шартлари ҳақидаги бобни кўздан кечирдим. Унда ёзилишича, дуо қабул бўлишининг бир неча шарти бўлиб, Аллоҳ таолога ихлос билан дуо қилиш унинг қабул бўлишига биринчи поғона экан. Қуъони каримда бундай дейилган: “Бас, (эй мўминлар!) Гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, Аллоҳга – Унга динни холис қилган ҳолингизда дуо (ибодат) қилингиз!” (Ғофир, 14). Ушбу оятни ўқиб, дуо асносида ўтганларнинг руҳларидан мадад сўраб ёки омадга таяниб эмас, балки марҳамати чексиз, Қодир Аллоҳдан ихлос билан сўрашимиз кераклигини тушундим. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда ҳам Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) “Сўрасанг Аллоҳдан сўра, мадад тиласанг, Аллоҳдан тила” (Имом Бухорий, Имом Термизий), деб марҳамат қилганлар. Дуо­дан сўнг сабрли бўлиш мўминга зийнат бераркан. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сиздан бирингиз: “Дуо қилдим, ижобат бўлмади”, деб шошилмаса, унга ижобат қилинаверади»  (Имом Бухорий, Имом Муслим), дея таълим берганлар. Ният амалга ошишининг яна бир шарти гуноҳларга тавба қилиш бўлиб, Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) бундай тавсия беради: “Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсадан тақво қилиш билан Парвардигор дуо ва тасбеҳни қабул этади”.

Ҳалол касб билан шуғулланиш дуо ижобат бўлишининг асосий омилидир. Зеро, инсоннинг энг яхши таоми қўл меҳнати орқали ҳалол топиб еганидир. Пайғамбаримиз (алайҳиссаллом): “Эй одамлар, Аллоҳ покдир, фақат пок нарсани қабул қилади. Парвардигор мўминларга пайғамбарларига буюрган нарсани буюрди: «Эй пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қили­нгиз ва эзгу (иш) қили­нгиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман” (Мўминун, 51), “Эй имон келтирганлар! Сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара, 172) деб марҳамат қилади.

Аллоҳ таолога нисбатан яхши гумонда бўлиш, гап­ларимизни тадаббур билан, қалбдан айтишимиз кўнгилларга хотиржамлик келтираркан. Ҳар нарсани ёмонликка буриб, кўнгилни бузиб, ҳаловатимизни йўқотишда эса яхшилик йўқ. Ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло: “Мен ҳақимда бандам қандай ўйласа, мен унга ўшандай жавоб қиламан” (Имом Бухорий, Имом Муслим), деб марҳамат қилган. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) келган ривоятда ҳам Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Аллоҳ таолога ижобат бўлишига аниқ ишонган ҳолда дуода бўлинг. Аллоҳ таоло ғофил қалбнинг дуосини қабул қилмайди” (Имом Термизий ва Ҳоким), деб айтганлар. Шунингдек, уламолар дуода ҳаддан ошмаслик, Аллоҳ таолонинг ҳикматига ёки шариат ва унинг амрларига зид келадиган ҳар қандай саволдан тийилиш, ёинки Аллоҳ таоло хабар берган нарсага хилоф келадиган сўзларни айтмасликни ёзадилар. Жамоат жойларида дуони узоқ қилиб, одамларни малоллантириб қўйиш ҳам ҳаддан ошишга кирар экан. Аллоҳ таоло айтади: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф, 55). Бундан ташқари, дуо бизни вожиб ишлар ёки фарз амалларни бажаришдан тўсмаслиги керак. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ҳам дуонинг қабул шартларидан бири бўлиб, Ҳузайфа ибн Ямоннинг (розияллоҳу анҳу) ривоятида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жоним қўлида бўлган Зотга қасам, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасиз. Ёки Аллоҳнинг сизга иқобининг юборилишини тезлатиб қўясиз. Ана шунда Унга дуо қилсангиз ҳам уни қабул қилмайди” (Имом Термизий), деб бизни огоҳлантирган эканлар.

Юқоридаги тавсияларни амалга оширишни кўнглимга тугарканман, ҳазрат Умарнинг (розияллоҳу анҳу) сўзлари ёдимга тушди: “Дуоимнинг ижобат бўлиши муҳим эмас. Балки қилган дуоим аҳамиятлидир. Агар мен ҳақиқий, ихлос билан дуо қилолсам, албатта, ижобат мен билан биргадир”.

Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.