Рўзғорда ишлатишга қулай, сифатли ва чидамли идиш-товоқлари бўлишини орзу қилмайдиган аёл топилмаса керак. Расталардаги турли-туман қозон-товоқлардан харид қилишда адашмаслик учун уларнинг афзаллиги, камчилигини олдиндан билиб олган маъқул.

Алюмин идишлар енгил, арзон ва чидамли. Сут, бўтқа, макарон ва шўртаъм бўлмаган мева-сабзавотларни қайнатиш мумкин. Уларда ишқорли ва шўр нарсалар пиширилса, дарров бошқа идишга бўшатиш керак. Металл ўзидан зарарли модда ажратиб таомни бузиши мумкин, деган фикр илмий жиҳатдан тасдиқланмаган бўлса-да, овқатни унда узоқ қолдирмаган яхши.

Алюмин идишлар ҳозир урф бўлмай қолди, аммо бу металл товалар тайёрлашда кенг қўлланилади. Овқат таркибига таъсир ўтказмаслиги учун албатта ҳимоя қатлами билан қопланади.

Чўяндан ясалган идишлар энг чидамли ҳисобланади. Идиш секин қизиб, анчагача совимайди, уни металл қошиқ ва капгирларда кавласа бўлади. Бу идишда димлама, ош, қовурма овқатлар чиройли пишади. Аммо чўян қозонни сақлаш қийинроқ: у оғир, куйдириб тозалаш, вақти-вақти билан қуритиб ёғлаш талаб этилади. Акс ҳолда занглаши мумкин.

Зангламас темир қозонни қанча мақтасак, шунча оз. Ойнадек шаффоф, чидамли ва ҳар қандай шароитга мослашувчан. Иссиқ-совуқдан, сувдан емирилмайди, саломатлик учун ҳам безарар. Унда исталган таомни пишириш мумкин, энг юқори ҳароратда ҳам эримайди, тозалаш осон. Сув ва ювиш воситаси билан ивитиб, ҳар қандай чирк ёки кирдан қутуласиз. Қозон тубидаги оқ доғни кетқазишда лимон суви ёки сирка асқатади.

Тефлон қопламали идиш тез қизийди, унда озгина ёғ билан овқатни куйдирмай пишириш мумкин. Қайнатма шўрва, димлама ва сут пишириш мумкин. Аммо эҳтиёт бўласиз: бундай идишдаги таомни тахта ва силикон капгир билан кавлаб, юмшоқ ювиш воситаларида ювасиз. 250 даражадан кўтармай иситиш лозим. Ишлатишдан олдин бир оз ёғлаган маъқул. Лекин ҳар қанча асраб авайлаган билан бу идиш 3-4 йилда яроқсиз бўлади.

Керамик идиш бир текис исийди, куймайди, тозалашга қулай. Ўткир анжомларни теккизиш мумкин, юқори ҳароратда зарарланмайди. Бу идишни микротўлқинли печ ва духовкага солса бўлади. Лекин у нисбатан мўрт бўлгани учун синиши осон.

Эмалланган идиш темир ёки чўяннинг устки қисми эмал билан қопланиб тайёрланади. Камчиқим, ҳар қандай таомга мос келади, лекин куйишдан сақлаш керак. Эмал нозик қоплама бўлгани сабаб уни эҳтиётлаш, қошиқ билан урмаслик, усти кўчишидан асраш лозим. Кўчганда ишлатишга яроқсиз бўлади. Куйганда сода билан сув қуйиб қўйинг. Уни зинҳор сим ювгич ва қайроқ тошлар билан ишқаламанг. Ўртача истеъмол муддати 2–3 йил.

Ўтга чидамли шишадан тайёрланган идишнинг афзаллиги кўп. Чиройли, тез қизиб, анчагача совимайди, соғликка хавфсиз, ювишга қулай. Уни исталган шароитда: газ устида, духовка, микротўлқинли печда ишлатиш мумкин. Ювишда исталган воситадан фойдаланса ­бўлади.

Энди ўзингизга қулай идиш-товоқни танлаб олаверинг.

Гулгун УСМОНОВА тайёрлади.