Болалар тарбиясида, уларнинг келажакдаги ютуғу камчиликларида ота-онанинг таъсири, ўз ўрнида масъулияти ҳам жуда катта. Бунинг учун ота-онадан истак-хоҳиш билан бирга ҳаловатдан воз кечиш талаб қилинади. Ана шундагина фарзандларини камолот сари йўналтира олишлари мумкин.

“Қуш уясида кўрганини қилади”, деган гап бор. Ота-она кўчада маишат қилиб юрса, ёки ишдан қайтган заҳоти телевизорга қадалиб олишса, бола улардан нимани ўрганиши мумкин?

Донишмандлар бола тарбиясига, у ҳали она қорнида ҳомила ҳолида эканидаёқ киришишни маслаҳат беришади. Бунга қандай эришиш мумкин? Бўлажак она тановул қиладиган таомлари ҳалол, пок бўлиши, у кўпроқ Қуръон ўқиши, дуо ва зикрда юриши туғилажак фарзанди тақдирида муҳим аҳамият касб этади. Болада яқинларга ёрдам кўрсатиш, катталарни ҳурматлаш ва уларга хизмат қилиш кўникмаси оиласида шаклланади. Ўғил-қизларимизга беҳаё сўзлар гапириш ёмонлигини, у билан одам қаттиқ гуноҳкор бўлишини мулойимлик билан тушунтиришимиз керак. Шунингдек, ўзимиз ҳам уларга ибрат-намуна бўлишимиз ғоятда аҳамиятлидир.

Фарзандларимизни ҳар қандай ҳолатда ҳам рост сўзлашга, ёлғонни ҳазил тариқасида ҳам гапирмасликка, ваъдага албатта вафо қилишга одатлантиришимиз зарур. Ҳадисда: “Ота-она фарзандини “Болам, бу ёққа кел, бир нарса бераман”, деб чақирса-ю, аммо бермаса, у ёлғончидир”, дейилган.

Фарзандларни шукр ва қаноат қилишга ўргатишда ҳам ҳикмат кўп. Кўпгина хатоликлар ношукрлик сабаб содир бўлади. Ҳолбуки, ўзимизга инъом этилган неъматларга ҳар доим ҳам шукр қилавермаймиз. Яратганнинг бизга берган неъматларига шукрона қилмаётганимизни ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Манбаларда имоннинг ярми шукр бўлса, ярми сабр, дейилади. Демак, фарзандларимиз ҳам шукрли ва қаноатли бўлиб вояга етса, келажакда уларнинг Ватанга, динга, миллатга нафи тегади, иншааллоҳ.

 

Абдусалом ҚЎШБОҚОВ,

Бахмал тумани “Мулла Умар” жоме масжиди имом-хатиби